Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбек ва қирғиз бизнесларини ўзаро яқинлаштириш сари

2021-03-11 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 11 март куни Қирғизистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Тошкент шаҳридаги «Яшнобод» технопарки ҳудудида Ўзбекистон – Қирғизистон бизнес-форуми ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирларда асосий вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Қирғизистон делегациясига Бош вазир ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири У.Кармишаков, Ўзбекистон делегациясига эса Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлик қилди.

Форумнинг очилиш маросимида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг жадал ривожланиб бораётгани ва шу туфайли бугунги кунда иқтисодиётнинг устувор соҳаларида йирик лойиҳалар биргаликда амалга оширилаётгани ва ишлаб чиқилаётганини таъкидладилар. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон қўшма корхоналарининг сони икки баравар кўпайгани, савдо айланмаси беш баробар ортгани ва пандемиянинг салбий оқибатларига қарамасдан 2020 йилда ўзаро савдо ҳажми 10 фоизга ўсгани таъкидланди.

Икки мамлакат ҳукуматларининг мунтазам ва яқин мулоқотни ўрнатишга тайёрлиги билдирилди. Бу икки томонлама муносабатларда юзага келаётган барча муаммоларни тезкор тартибда ҳал қилиш ва икки давлат ишбилармон доираларининг яқинлашуви ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги учун шароитларни изчил яхшилаш имконини беради. Шунингдек, тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни муваффақиятли жорий этишга ҳар томонлама кўмаклашиш орқали савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон корхоналари ўртасидаги саноат кооперациясини ривожлантиришга содиқлик билдирилди.

Шу нуқтаи назардан, томонлар икки мамлакат хусусий бизнес вакиллари ўртасида узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйиш, ўзбек-қирғиз ишбилармонлари ҳамкорлиги учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш учун ишончли платформа сифатида Ишбилармонлар кенгашини тузишни маъқулладилар.

Бизнес-форум давомида икки мамлакат савдо-саноат палаталари, тегишли вазирлик, идора раҳбарлари ҳамда хусусий сектор вакиллари ҳам сўзга чиқдилар. Расмий қисмдан сўнг “B2B” шаклидаги икки томонлама учрашувлар сессияси бўлиб ўтди, унда икки мамлакат тадбиркорлари ҳамкорлик истиқболлари ва аниқ лойиҳа таклифларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Истиқболли тармоқлар – қишлоқ хўжалиги, минерал ва органик ўғитлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва чарм – пойабзал саноати, ипакчилик тармоғи, туризм ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш салоҳияти атрофлича очиб берилди. Шунингдек, бизнес-форум қатнашчиларига ҳар икки мамлакатда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган шарт-шароитлар, давлат активларини хусусийлаштириш ва давлат иштирокидаги корхоналарни трансформациялаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экспортни рағбатлантириш ва бизнес юритиш учун шароитларни яхшилаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон ва Қирғизстонда инвестиция ва ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш учун у ёки бу соҳада яратилган шарт-шароитлар билан тўлиқ танишиш, умумий манфаатлар ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва келгусида биргаликда ҳаётга татбиқ этиш учун аниқ лойиҳавий таклифларни кўриб чиқиш имконига эга бўлди.

Форум якунлари бўйича ўзбек ва қирғиз тадбиркорлари ўртасида бир қатор савдо шартномалари ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться