Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ислом тараққиёт банкининг Йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик муҳокама қилинди
2021-03-09 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Гуруҳининг Бош котиби Гассан ал-Баба билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда 2021 йилда Ўзбекистонда ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг 46чи йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида тайёргарлик ишларининг ҳозирги ҳолати, ИТБ ҳамда Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг вакилларидан иборат Ташкилий қўмита ва тегишли ишчи гуруҳлар фаолияти кўриб чиқилди.
Конструктив мулоқот йиғилишни ташкил этиш билан боғлиқ асосий масалаларни кўриб чиқиш ва қўйилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик алгоритмларини ишлаб чиқиш имконини берди.
Халқаро медиа ва оммавий ахборот воситаларида бўлажак учрашувни кенг ёритишга бағишланган “роуд-шоу” ўтказиш учун Банк раҳбарияти шу йилнинг май ойида ИТБ Президенти Бандар Ҳажарнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилинди.
Йиллик йиғилишда Банкка аъзо 57 мамлакат, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситаларининг 2 мингга яқин вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир ўтказилиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг энг муҳим ташаббуслари Банк томонидан қўллаб-қувватланишини кенгайтириш ва Ўзбекистонда Банкнинг инвестиция портфелини оширишни назарда тутган ҳолда, ИТБ билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга имкон яратади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар йиғилишни юқори ташкилий даражада ўтказиш ва юзага келаётган барча масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги