Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим сифатини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган жараёнларда коррупцияни олдини олиш масалалари муҳокама этилди
2021-03-09 | Таълим
Жорий йилнинг 5 март куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Таълим сифатини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган жараёнларда коррупцияни олдини олиш” мавзусида видеосеминар ўтказилди.
Унда Халқ таълими, Мактабгача таълим ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари мутасаддилари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, мактаблар ўқитувчилари ва бошқалар иштирок этишди.
Тадбирда таълим сифатини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган жараёнларда коррупцияни олдини олиш бўйича шу пайтга қадар амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда иштирок этган Агентлик директори А.Бурханов ўз маърузасида қуйидаги масалаларга эътибор қаратди:
- Коррупцияга қарши курашишда жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бирга, унинг олдини олиш чораларини кўриш жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, Агентлик зиммасига давлат органларида коррупцияга қарши ички мувофиқлик “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш вазифаси юклатилган. Мамлакатимиздаги 26 та вазирлик ва идоралар сингари Халқ таълими вазирлиги марказий аппарати тузилмасида ҳам “Коррупцияга қарши курашиш тизими, комплаенс-назоратни амалга ошириш бўлими” ташкил этилган. Тизимда коррупцияни олдини олувчи қатор ички норматив-ҳужжатлар қабул қилинган. Натижада ушбу хизмат томонидан халқ таълими тизимида 78 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар ҳамда ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган. 214 нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган, 34 нафар ходимлар лавозимидан озод этилган.
Бу кўрсаткичлар вазирликнинг “Коррупцияга қарши курашиш тизими, комплаенс-назоратни амалга ошириш бўлими” олдида олдинда кўпгина вазифалар турганини англатади.
Тадбирда сўзга чиққанлар Таълим инспекцияси кўрсатаётган давлат хизматлари сифатини доимий равишда ошириб бориш ва турли коррупциоген омилларни бартараф этиш мақсадида педагог кадрларни аттестация ўтказиш жараёнида ўқитувчилар ҳамда хорижий давлатларда олинган дипломларни тан олиш бўйича мурожаат қилган талабгорлар ўртасида сўровномалар ўтказиб бориш йўлга қўйилганини таъкидлашди. Сўровнома натижалари асосида ушбу жараёнларга ташқаридан аралашиш ҳолатлари ва фуқароларни алдаб фирибгарлик йўли билан шуғулланаётган шахслар тўғрисида маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилиб борилмоқда.
Қайд этилганидек, Таълим инспекцияси таклифлари асосида таълим тизимида қабул, кириш имтиҳонлари, талабалар билимини баҳолаш жараёнларининг адолатли ва шаффоф тизими жорий этилди. Таълим сифатини баҳолаш жараёнларида коррупциоген ҳолатларнинг олдини олиш учун таълим муассасаларини лицензиялаш, хорижий давлатларда берилган дипломларни тан олиш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, таълим муассасалари аттестацияси ва аккредитация жараёнлари тўлиқ электронлаштирилган.
Хусусан, хорижий дипломларни тан олиш ва педагоглар аттестацияси малака (тест) синовлари реал вақт режимида, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланган хоналарда онлайн тарзда ўтказилмоқда.
Йиғилишда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Халқ таълими вазирликлари ўзаро ҳамкорликда коррупцияни олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган шу каби амалий саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олишди.