Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон – Покистон инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлиги кўриб чиқилди

2021-03-09 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 8 март куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Покистон Бош вазирининг савдо, тўқимачилик саноати ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд билан икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро келишувларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати муҳокамасига бағишланган музокаралари бўлиб ўтди.

Музокараларда Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ раҳбарияти ҳам иштирок этди.

Кун тартиби доирасида “Мозори Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига эътибор қаратилди. Муҳокама давомида мавжуд масалалар атрофлича кўриб чиқилди, ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди ва лойиҳа жорий этилишини жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан томонлар энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа истиқболли соҳаларда ишлаб чиқилаётган бир қатор қўшма инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор бошқа икки томонлама ҳужжатлар юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлили олиб борилди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди ва мазкур ҳужжатлар шаклланишини жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг июль ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилишини ҳамда ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Мазкур тадбирларнинг ўтказилиши икки томонлама иқтисодий шерикликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиши таъкидланди.

Музокаралар якунида томонлар эришилган барча келишувларни ҳаётга татбиқ этишга ўзаро содиқлигини таъкидлаб, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришни жадаллаштириш бўйича биринчи даражали чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться