Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МОҚда Халқаро текбол федерацияси мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди
2021-03-07 | Спорт
Текбол! Ушбу спорт тури юртимизга кириб келаётганлиги ҳақида хабар бергандик. Айни пайтда текбол спорт тури жадал ривожланиб, бутун дунёда оммалашиб бормоқда.
Мазкур спорт тури асосчилари венгриялик собиқ футболчи Габор Боршани ва дастурчи Виктор Хусардир. Текбол – бу содда қилиб айтганда, стол тенниси ва футболни бирлаштирган спорт тури.
Халқаро текбол федерацияси Президент Габор Боршани, вице-президент Виктор Хусар ва Бош котиб Жуниор Мариус-Визердан иборат Халқаро текбол федерацияси делегацияси юртимизга ташриф буюрди. Нуфузли меҳмонлар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида кутиб олинди.
Спортимиз мутасаддилари Ўзбекистонга кириб келаётган янги спорт тури – текболни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказишди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимовлар иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, тадбир бошланишидан аввал профессионал текболчилар МОҚ биносида ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Бу эса йиғилган меҳмонларга ўзлари учун янги спорт турини кашф қилишларига имкон берди. Мазкур жараёнда Равшан Эрматов ва Рустам Шоабдураҳмонов ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.
Бундан ташқари, МОҚ анжуманлар залида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда дастлаб сўз олган Равшан Эрматов сўнгги пайтларда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, текбол қизиқарли спорт тури эканлиги ва у билан шуғулланиш учун кўп харажат талаб этилмаслигини таъкидлади. Шунингдек, ушбу спорт тури аҳоли учун жуда фойдали бўлишини ва давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳисса қўшишини таъкидлади.
«Кўпгина мутахассисларнинг фикрига кўра, текбол Ўзбекистон учун жуда мос келади. Ушбу спорт тури кам ҳаражатли ва у билан деярли ҳамма жойда ўйнаш мумкин. Халқаро федерация мамлакатимизда текболни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга ва жиҳозлар билан ёрдам беришга тайёр. Келажакда текбол Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши мумкин ва биз Ўзбекистонга кириб келган спорт турларининг рўйхати тўлдирилаётганидан жуда хурсандмиз», – деди Ойбек Қосимов.
Шунинг билан матбуот анжумани ўз якунига этди. Учрашув якунида иштирокчиларга совғалар топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги