Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазирлиги “Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танловини эълон қилади (40-тур))
2021-03-05 | Инновация
Танловнинг асосий мақсади – республикамизда хотин-қизларни илм-фанга кенг жалб қилиш, фан-таълим ва иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларида илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг янги ғоя ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар натижалари бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммолари, реал эҳтиёжлари ҳамда ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва инновацион технологияларни яратишдан иборат.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021 йил 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан бўлиб ўтган учрашувида белгилаб берилган устувор вазифалар доирасида ташкил этилмоқда.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.
Лойиҳа ижрочиларининг таркиби фақатгина хотин-қизлардан иборат бўлиши, илмий жамоанинг ўртача ёши 45 ёшдан ошмаслиги, шунингдек илмий жамоада ёш олималар, иқтидорли талаба-магистрлар иштирок этиши лозим.
Танловда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида ҳамда илмий фаолият билан шуғулланувчи бошқа ташкилотларда фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирок этишлари мумкин.
Лойиҳа раҳбари тегишли тартибдаги илмий даражага эга бўлиши, сўнгги 5 йил ичида илм-фаннинг тегишли соҳасида фаол илмий фаолият олиб бораётган ҳамда охирги 3 йил давомида Scopus ҳамда Web of Science халқаро илмий базаларида камида битта илмий мақола чоп этган бўлиши шарт.
Лойиҳа раҳбари бир вақтнинг ўзида бир турдаги иккита лойиҳага раҳбар бўлишига рухсат этилмайди.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали 2021 йилнинг 15 апрелига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Электрон рўйхатдан ўтмаган, шунингдек лойиҳа раҳбарининг охирги 3 йил давомида Web of Science ҳамда Scopus халқаро илмий базаларида чоп этилган камида битта илмий мақоланинг нусхаси илова қилинмаган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди. Scopus базасидан чиқариб юборилган журналларда чоп этилган мақолалар ҳам инобатга олинмайди.
Илмий лойиҳа ҳужжатларини grant.mininnovation.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатлар асл нусхаларининг pdf/doc шакли электрон платформага юкланиши лозим:
ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма ҳат (.pdf);
ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма (.pdf);
амалий ёки инновацион лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда, .pdf ва .doc/.docx).
Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиатга) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги, шунингдек лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижаларнинг тадқиқот дизайнига мувофиқ тўлиқ асосланганлиги ва сўралган маблағларнинг танлов шартларида келтирилган молиялаштириш ҳажмига мувофиқ тўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.
Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.
Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловлар натижаларни аниқлаш бўйича интерфаол хизмат” саҳифаси, шунингдек www.mininnovation.uz веб-сайтидаги “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари” интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.
Илмий лойиҳаларни grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш хизмати: +998-71-203-32-32, +998-94-296-07-70
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги