Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 8-йиғилиши бўлиб ўтди
2021-03-05 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Субботин раислигида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 8-йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, савдо-саноат палаталари ва йирик саноат корхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Тадбир кун тартиби савдо-иқтисодий, саноат, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорлик, уни кенгайтириш истиқболлари ва икки томонлама муносабатларнинг янги йўналишлари бўйича кенг кўламли масалаларни қамраб олди.
Икки делегация раҳбарлари ўз чиқишларида инвестицияларни жалб этиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистон ҳамда Беларусь ишлаб чиқарувчиларининг икки мамлакат бозорларига кириши орқали ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришда улкан ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.
Шу ўринда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни кенгайтириш учун платформа сифатида янги ташкил қилинган Ўзбекистон – Беларусь Ишбилармонлар кенгашининг аҳамияти қайд этилди.
Саноат кооперациясини ривожлантиришда катта истиқболлар белгиланди. Шу билан биргаликда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш саноати ва фармацевтика соҳаларида қўшма ишчи гуруҳларнинг ўзаро ҳамкорлиги доирасида кооперация алоқаларини чуқурлаштириш учун муносабатларни мустаҳкамлашга оид йўналишлар белгиланди.
Тадбир давомида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, муайян тармоқлар ва соҳалар бўйича икки томонлама шерикликни ривожлантириш, шунингдек, ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан конструктив таклифларни билдирдилар.
Томонлар икки давлат ҳудудлари орқали темир йўл транспорти учун рақобат шароитларини шакллантириш ва парвозлар сонини оширишни назарда тутган ҳолда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар. Иштирокчиларнинг фикрича, бу икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги бевосита алоқаларнинг кенгайишига ва ўзаро туристик оқимларнинг кўпайишига сезиларли ҳисса қўшади.
Тадбирда икки мамлакат ҳудудий маъмуриятлари ва бизнес-миссиялари раҳбарларининг янги инвестиция лойиҳалари ҳамда савдо битимларини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудларига ўзаро ташрифларини ташкил этиш орқали ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, илмий ва инновация, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни кенгайтириш истиқболлари ва эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, 2020 йилда Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Беларусь Республикаси Фан ва технологиялар бўйича давлат қўмитаси вакилларидан иборат қўшма комиссия ҳозирги кунда келгусида амалга ошириш учун 15 та қўшма илмий лойиҳа устида иш олиб бормоқда.
Тадбир давомида таълим, туризм, фармацевтика, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳасида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Учрашув сўнгида тадбир давомида эришилган асосий келишувлар ва икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг муҳим йўналишларини акс эттирувчи якуний баённома имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги