Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2021-03-05 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 4 март куни Беларусь Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков билан Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Субботин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон – Беларусь шериклигининг кенг кўламли йўналишлари бўйича долзарб кун тартиби, шунингдек, эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ва режалаштирилган тадбирларга тайёргарликнинг жорий ҳолати муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ҳукуматлари учун ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналиши икки давлат иқтисодиётини ўзаро тўлдириш асосида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жадал ривожлантириш эканлиги таъкидланди. Томонлар қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, машинасозлик, фармацевтика ҳамда озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш ва таълим каби истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтиришни мақсад қилиб, бу борада олиб борилаётган ишларни мамнуният билан эътироф этдилар ва уларни фаоллаштиришга тайёрликларини билдирдилар.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширган ва ҳозирда ишлаб чиқариш фаолиятини олиб бораётган Беларусь компаниялари тўплаган муваффақиятли тажрибани ҳисобга олган ҳолда, саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Тайёрланаётган маҳсулотлар учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш эвазига Республикада маҳаллийлаштиришни ошириш орқали саноат кооперацияси самарадорлигини юксалтириш бўйича конструктив таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, қабул қилинган қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва чорвачилик, фармацевтика, асбобсозлик, электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноатида янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш бўйича навбатдаги тадбирлар хусусида келишиб олинди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон – Беларусь товар айланмасини ошириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Жумладан, томонлар ўзаро савдо ҳажмини яқин келажакда 500 млн долларга етказиш бўйича изчил ҳамкорлик қилишга содиқликларини билдирдилар. Айни жиҳатдан келиб чиқиб, ўзаро манфаатли янги савдо битимларини тузиш ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь ишлаб чиқарадиган товарларнинг икки мамлакат бозорларига киришини енгиллаштириш мақсадида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Беларусь компаниялари ўртасидаги муносабатларни йўлга қўйиш имкониятларини биргаликда ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
Мулоқот чоғида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Томонлар парвозлар сонини ошириш, халқаро юк ташиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва икки мамлакат ҳудудида логистика операцияларини амалга оширишда божхона назорати механизмларини оптималлаштириш имкониятларини кўриб чиқдилар. Ушбу соҳадаги барча масалалар бўйича ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқиш учун яқиндан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
Тадбир давомида томонлар мавжуд келишувларни муҳокама қилиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суриш учун мунтазам равишда мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги