Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва БАА ҳамкорлик натижалари ва истиқболларини муҳокама қилди
2021-03-03 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 3 март куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруи билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма соҳаларидаги жорий ва истиқболли лойиҳалар, шунингдек, Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари инвестициявий ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Энергетика соҳасидаги лойиҳаларни, хусусан, “Masdar” компанияси томонидан муқобил энергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларни, шунингдек, Талимаржон ИЭСни “Mubadala” ва “Taka” компаниялари томонидан хусусийлаштириш ва кенгайтириш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишда сезиларли ютуқларга эришилгани қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш, фармацевтика, логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида умумий қиймати қарийб 400 млн долларлик 17 истиқболли инвестиция лойиҳасини ўрганаётган Ўзбекистон - Амирликлар қўшма инвестиция компанияси фаолияти ижобий жиҳатдан кўриб чиқилди.
Мулоқот чоғида Абу-Даби ривожланиш жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қатор инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларнинг бугунги ҳолати ҳам муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон томони Амирликлар тарафига тиббиёт муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архивининг янги биноси қурилишида кўрсатилаётган молиявий-техник ёрдам учун алоҳида миннатдорлик билдирди.
Шу билан бирга, томонлар савдо-инвестициявий соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича улкан салоҳият мавжудлигини қайд этди. Қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, логистика, металлни қайта ишлаш ва молиявий хизматлар каби соҳаларда янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳ тузиш юзасидан келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги