Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2 март Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун: Депутатлар ва талабалар Ўзбекистон-БМТ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ҳақида фикр алмашди
2021-03-02 | Жамият
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан биргаликда «Ўзбекистон Республикасининг БМТга аъзо бўлганлигининг 29 йиллигига бағишлаб «Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари» мавзусида «давра суҳбати» ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Тадбирда Ўзбекистон ва БМТ ўртасида 1992 йил 2 март куни асос солинган ҳамкорликнинг асосий босқичлари ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, БМТ дунёда кечаётган ҳар қандай сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, қашшоқликка қарши курашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал этиш йўлида фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бош мақсади – дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлараро ҳамжиҳатлик ва дўстона қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро иқтисодий, маданий ва ижтимоий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини қўллаб-қувватлашдан иборат эканлиги таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан Ўзбекистон ўтган йигирма тўққиз йил мобайнида БМТнинг фаол аъзоларидан бирига айланганлиги, айниқса 2020 йилнинг 23 сентябрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурганлиги эътироф этилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг нуфузли минбардаги нутқи мамлакатимиз инсон ва унинг ҳуқуқлари йўлида ўзи танлаган йўлдан ортга қайтмаслигини, халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилишини ва уни фаол илгари суришини яна бир бор намоён этди.
Қатнашчилар, шунингдек, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий босқичлари ва устувор йўналишлари, БМТ доирасида эълон қилинаётган Ўзбекистон ташаббуслари ва уларнинг амалга оширилиши, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашида Ўзбекистон аъзолигининг асосий вазифалари, Ўзбекистоннинг БМТ Тараққиёт дастури ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан кенг фикр алмашди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги