Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон элчиси Озарбайжон қишлоқ хўжалиги вазири билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
2021-03-01 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов Озарбайжон қишлоқ хўжалиги вазири Инам Керимов билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқотда мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот, шу жумладан 2020-2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясининг мазмун-моҳияти ва мақсадлари тўғрисида ахборот тақдим этилди.
Озарбайжон вакили Ўзбекистон қўлга киритаётган ютуқларни юқори баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар биродар республиканинг янада жадал ва изчил ривожланиши ҳамда истиболли равнақи учун мустаҳкам пойдевор яратишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари масалаларига тўхталар экан, томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш изчиллигини ижобий баҳолади. Шунингдек, ушбу йўналишдаги алоқаларни янада жадаллаштириш учун мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани билдирилди.
Учрашув якунига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги