Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойиллари муҳокама қилинди
2021-02-27 | Ёшлар
Бугун Ташқи ишлар вазирлигида «Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойиллари ва йўналишлари» мавзусида «давра суҳбати» бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик ходимлари ҳамда видеоконференцалоқа воситасида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Анжуманда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ва Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциацияси раиси Раҳматжон Умаров маъруза қилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ёшларга оид сиёсатнинг мақсад ва устувор вазифалари хусусида фикр юритилди. Мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсати миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий мавқеи, жинси, маълумоти ва эътиқодидан қатъий назар ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, йигит-қизларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари доирасида ўз манфаатларини амалга ошириш йўлларини эркин танлаб олишига кафолат бериш каби қатор қоидаларга асосланиши айтиб ўтилди.
- Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамасида ёшлар сиёсатига бағишлаб ўтказилаётган очиқ мулоқотда иштирок этаётганимдан хурсандман, - деди Шуҳрат Сирожиддинов. - Албатта, ёшлар тарбияси ва уларни миллий руҳда тарбиялаш вазифалари барча замонларда муҳим бўлиб келган. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ва бошқа анжуманларда ёшларга оид давлат сиёсатига алоҳида эътибор қаратдилар. Давлатимиз раҳбари ёшларимиз онгига миллий руҳ ва аждодларимиз меросини чуқур сингдириш учун бонг уриш кераклигини куюнчаклик билан гапирдилар. Шунингдек, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида ҳам бу йўналишда аниқ вазифалар белгиланди. Ушбу вазифаларнинг долзарблиги шундаки, бугун биз ёшларга тўғри йўл кўрсатмасак, уларни жипслашишга ундамасак кейин кеч бўлади. Жумладан, айрим нопок кучлар ўзларининг ғайриоддий мафкураларини фарзандларимиз онгига синдириш орқали миллатимиз, тилимиз ва муқаддас динимиз илдизига болта уришга уринмоқда. Шу боис ёшларимизга миллий ғоя ва миллий мафкурамизни сингдиришда қоғоздаги ҳаракатлардан қочиб, амалий ишларга ўтиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу борада Ташқи ишлар вазирлиги зиммасида ҳам катта масъулият бор. Сизлар хорижда юрган меҳнат мигрантлари ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг муаммолари билан бевосита танишиб, имкон қадар уларга зарур ёрдамингизни аямаслигингиз зарур.
Тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан жорий йилги давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Вазирлик хориждаги ёш ватандошлар, мамлакатимиз ҳудудидаги ёшлар ва вазирлик тизимидаги ёш авлод вакиллари билан ишлаш йўналишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида тизимли ишларни йўлга қўйган.
Хусусан, хорижда меҳнат қилаётган ва таълим олаётган юртдошларимизга зарур ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, элчихоналар чет эл университетлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва турли таълим дастурларини юртимиз олий таълим тизимига жалб этиш бўйича мунтазам тарзда музокаралар олиб бормоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда илғор халқаро олий таълим дастурлари кенг тадбиқ этиляпти. Бу борада дипломатик ваколатхоналарга Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассосиацияси яқиндан кўмак бераётир.
- Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни етук мутахассислар бўлиб етишиши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, ёшларимизнинг хорижда таълим олиши учун қатор лойиҳа ва дастурлар эълон қилинмоқда, - деди Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассосиацияси раиси Раҳматжон Умаров. - Ушбу вазифаларни бажариш ва ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб этишга яқиндан кўмаклашиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йилда Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилди. Ўтган йиллар давомида ассосиациянинг 15 та мамлакатда координаторлари иш бошлади. Улар мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпти ва қатор лойиҳалар амалга оширяпти. Хусусан, пандемия пайтида «Мусофир», «Хориждаги ҳаёт» лойиҳалари доирасида ўқув-семинарлари, онлайн шаклдаги «давра суҳбат»лари ўтказилди. Айни пайтда 30 минг нафар ёшларимиз чет элда таҳсил олмоқда. Сўнгги уч-тўрт ой давомида хорижий университетларни тамомлаган 540 нафар ватандошимиз бизга иш сўраб мурожаат қилди. Уларнинг 60 фоизини давлат идораларига ишга жойлашишга кўмак берилди. Ўйлайманки, Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил ривож топади.
Жобир Хўжақулов,
Зафар Юлдашкулов (Фото)
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги