Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбий илм-фан ривожида янгича ёндашув
2021-02-27 | Фан
Мамлакатимизда илм-фан, таълим-тарбия, инновация соҳаларида олиб борилаётган туб ислоҳот ва янгиланишлар миллий ҳарбий санъат тарихи, ўзбек халқининг бой тарихий меросини чуқур ўрганиш, шу орқали ҳарбий илм-фан тизимини ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Жорий йилнинг 12 январь куни Президент раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш бўйича бир қатор муҳим топшириқлар берилди.
Айниқса, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ҳамда ҳарбий илм-фанни ривожлантириш борасида Юртбошимиз томонидан миллий ҳарбий санъат тарихи ҳамда замонавий жанг амалиётларини чуқур ўрганиб, қўшинлар тайёргарлиги усул ва услубларини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Ҳарбий таълим тизимида таълим олувчилар қалбида миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк аждодларимиз, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шохруҳ Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларимизнинг бой жанг санъатидан кенг фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан буюк саркарда боболаримизнинг бой ҳарбий мероси чуқур ўрганиб борилиши учун Қуролли Кучлар академиясида фаолият юритаётган Илмий-тадқиқотлар институти негизида “Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институти” ташкил этиш тўғрисида қўйилган устувор вазифа Қуролли Кучлар миқёсида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш бўйича ислоҳотларнинг дадил бошланиши, десак муболаға бўлмайди.
Албатта, ташкил этиладиган Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институтининг фаолияти доирасида қуйидаги долзарб йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилади:
миллий ҳарбий санъат тарихи, буюк аждодларимизнинг бой мероси, уларнинг саркардалик маҳорати, стратегия ва жанг тактикаси бўйича тадқиқотлар ўтказиш ҳамда атоқли тарихий саркардаларимизнинг қаҳрамонликларини таҳлил қилиш;
аждодларимизнинг бой ҳарбий мероси асосида ҳарбий атамашуносликни такомиллаштириш, илмий асосланган ҳарбий атамаларни истеъмолга киритиш, шу мақсадларда услубий тавсиялар, энциклопедик луғатларни тайёрлаш;
етакчи илмий-тадқиқот муассасалари ва тарихчи олимлар билан ҳамкорликда миллий ҳарбий санъат тарихининг тадрижий шаклланиши ва ривожланиши, буюк аждодларимиз қаҳрамонликлари, буюк саркардаларимизнинг бой жанг санъати, ҳарбий қадрият ва анъаналар юзасидан илмий изланиш олиб бориш;
миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ҳозирги давр урушлари ва замонавий ҳарбий низоларнинг характери, халқаро, минтақавий ва миллий хавфсизликка нисбатан ҳарбий соҳадаги хавф ва таҳдидларни комплекс равишда таҳлил қилиш;
ҳарбий санъат ривожланишининг асосий йўналишлари, замонавий жанг назарияси ва амалиётини чуқур ўрганган ҳолда қўшинларнинг тайёргарлик усул ва услубларини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Мамлакатнинг мудофаа қобилиятини оширишга қаратилган Қуролли Кучлар тизимида ҳарбий илм-фанни такомиллаштириш жараёнига Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, республикамизнинг етакчи олий таълим муассасалари илмий даража ва илмий унвонга эга бўлган юқори малакали мутахассислари ҳамда тадқиқот олиб боришда бой амалий тажрибага эга бўлган экспертларни жалб этилиши кўзда тутилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда глобал ахборот ва кибер макондаги қарама-қаршилик инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайган шароитда Қуролли Кучлар фаолиятига илғор ахборот ва инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш, буюк аждодларимизнинг бой ҳарбий меросини чуқур ўрганиш орқали ҳарбий илм-фанни ривожлантириш, ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини такомиллаштириш ва ислоҳотлар жараёнига иқтидорли ёшларни кенг жалб қилиш – янги Ўзбекистон тараққиётини, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини самарали таъминлашга хизмат қилади.
Полковник Азизжон ТОИРОВ, Қуролли Кучлар академияси Илмий-тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги