Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бишкекда Қирғизистон ташқи ишлар вазири билан учрашди
2021-02-27 | Сиёсат
Бишкекда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли соҳалардаги сермаҳсул ҳамкорлик қилаётганлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг кўплаб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича позициялари яқин бўлиб, бу кўп томонлама тузилмалар доирасида изчил ҳамкорликни давом эттириш учун мустаҳкам замин яратаётгани эътироф этилди.
Турли даражаларда ўтказилиши режалаштирилган учрашувлар жадвали ва кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Марказий Осиёда давлатлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб қилиш, янги бозорларга экспорт ҳажмини ошириш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги эътироф этилди.
Қирғизистон томони жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги