Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва GIZ Оролбўйи минтақасини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишни бошлашмоқда
2021-02-27 | Иқтисодиёт
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳалар менежери Паул Шумахер" Оролбўйида экологик йўналтирилган минтақавий тараққиёт" лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзоладилар, у Оролбўйи ҳудудини барқарор трансчегаравий экологик ҳамда иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга эришишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларига кўмак кўрсатишга қаратилган.
Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг аграр секторида ишлаётган қишлоқ аҳолиси Орол фожиаси оқибатларидан жуда азият чекмоқда, - таъкидлади вазир Жамшид Ходжаев. - Шу боис Оролбўйи ҳудудида экологик йўналтирилган минтақавий ривожланиш биз учун жуда муҳимдир. Янги лойиҳанинг концепцияси "2030 йилгача қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси"нинг "Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги" ҳамда "Қишлоқ жойларни ривожлантириш" сингари асосий устувор йўналишларига мос келади, шунингдек БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳам акс эттиради. Янги лойиҳанинг асосий таркибий қисмлари: консалтинг хизматларини кўрсатиш, рақамлаштириш, геоахборот тизими, масофавий зондлаш, трансчегаравий ҳамкорлик ва бошқалар. Шу қаторда биз қозоғистонлиқ қўшниларимиз билан маълумот алмашиш учун очиқмиз. Ишончим комилки, ушбу лойиҳа ва бизнинг ўз ривожланиш режаларимиз барчамизга кучли синергик самара ва натижаларга эришишга имкон беради".
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги