Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда KOICA билан ҳамкорликда кадрларни қайта тайёрлаш маркази очилади
2021-02-25 | Таълим
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пак Сунжин хоним билан учрашди.
Учрашувда Тошкентда Кадрларни қайта тайёрлаш марказини очиш ҳамда шу марказнинг ўзида давлат мактабгача таълим ташкилотини барпо этиш ҳақида келишилди.
Лойиҳа Корея Республикасининг ташқи ёрдами (гранти) ҳисобидан 11 миллион доллар миқдорида 2021-2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган. Комплекс марказ мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ва методистларини ўқитади ва малакасини оширади.
Татбиқ этилиши режалаштирилаётган “Корейс дастури” нафақат болалар билан машғулотларни, балки ота-оналар билан ўзаро муносабатларни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Биз мактабгача таълимга кўпроқ ота-оналарни жалб қилмоқчимиз, пандемия вақтида, мактабгача ёшдаги болалар вақтинча мактабгача таълим ташкилотларига қатнамаган пайтда ота-оналар ўзлари мустақил равишда фарзандлари билан биргаликда уларнинг билимини ривожлантириш, қобилиятларини аниқлаш ва йўналтириш кераклиги маълум бўлди, – дейди Агриппина Шин.
– Ушбу марказ инновацион рақамли кластер ва энг яхши мактабгача таълим лойиҳаларидан бири бўлади деган умиддаман. Бундан ташқари, Марказ МТТлар учун инновацион ўқув-услубий қўлланмалар ва ўқув материалларини ишлаб чиқади.
Комплекс марказнинг қурилиши 2022 йилга мўлжалланган.
Моҳигул Қосимова,
Муҳаммад Амин (сурат)
Манба: ЎзА