Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Билим ва амалиёт лойиҳаси доирасида “Рақамли карьера куни” ўтказилди
2021-02-24 | Ёшлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат xизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ xўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент давлат аграр университети битирувчи талаба ва магистрантларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида “Ёшлар: билим ва амалиёт” лойиҳаси доирасида “Рақамли карьера куни” очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат xизматини ривожлантириш агентлигининг бошқарма бошлиғи Аббос Акрамов ва бош инспектор Адхамжон Ахмедов Давлат фуқоролик хизматига ишга кабул килиш тартиби, очиқ танлов жараёнлари ва вакант лавозимлар ягона очиқ портали фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, битирувчи талабаларга давлат фуқаролик xизмати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, vacancy.argos.uz платформасидан фойдаланиш имкониятлари, келгусида кадрлар рақобатбардошлигига эришишда малака талаблари ва номзодларнинг шахсий сифатларини ривожлаништириш бўйича тушунчалар берилди.
Маълумот ўрнида, порталдаги давлат вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда шакллантирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.
Бу борада амалга оширилган ишларнинг қисқача сарҳисоби бўйича тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Республикада биринчилардан бўлиб, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб вакант лавозимларни малакали ва энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида vacancy.argos.uz портал орқали танлов ўтказиш тизимини йўлга қўйди.
Очиқ танлов бир неча босқичлардан иборат бўлиб, жами 44 та вакант лавозимларга 1 672 та номзодларнинг аризалари электрон тарзда қабул қилинди ва танлов якуний натижаларига кўра 30 нафар номзод илк маротаба очиқ танлов асосида ишга қабул қилинди.
Очиқ мулоқот ва эркин тарзда ташкил этилган учрашувда битирувчиларга давлат фуқаролик xизматчилари вакант лавозимлари ҳамда ишга жойлашиш учун зарур кўникмалар бериш тўғридан тўғри порталдан фойдаланган холда онлайн шаклда кўрсатиб берилди.
Тадбирга талаба ёшларни кенг қамраб олиш мақсадида вазирлик тизимидаги олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари битирувчи курс талабалари хам “Zoom” дастури орқали иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутаxассислардан атрофлича жавоб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги