Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан мулоқот ўтказилди
2021-02-22 | Жамият
Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси, Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Умумжаҳон ёшлар ассоциациясининг ушбу мамлакатдаги вакиллиги билан ҳамкорликда ватандошлар иштирокида онлайн-мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирга, шунингдек, «Инстаграм» ижтимоий тармоғида 30 минг нафарга яқин обуначига эга «Кореядаги ўзбеклар» саҳифаси муаллифи, блогер Нуриддин Аҳмедов таклиф этилди. Ушбу саҳифа орқали юртдошларимиздан кўплаб саволлар олинди. Ўзбекистонга таътилга бориб, Жанубий Кореяга қайта олмаётган меҳнат мигрантлари ва талабалар ўз саволларига онлайн-мулоқот ташкилотчиларидан атрофлича жавоб олди.
Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ватандошларни Корея Республикасида давом этаётган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, ўз соғлигини ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирди. Шунингдек, ватандошларга Жанубий Корея қонунчилигига қатъий риоя қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
Юртдошларимизга элчихона томонидан кўрсатилаётган консуллик хизматлари ҳақида маълумот тақдим қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги