Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЮНЕСКОда ўзбек тили ва Ўзбекистондаги тиллар турфа хиллиги тақдимоти бўлиб ўтди
2021-02-21 | Маданият
Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси 19 февраль - Халқаро она тили кунини нишонлашга бағишлаб виртуал тарзда ўтказилган юқори мартабали “давра суҳбати”да иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг очилиш маросимида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, унинг ўринбосарлари Стефания Жаннини, Фирмин Матоко ва Эрнесто Оттоне ҳамда Ўзбекистон ва Бангладешнинг ташкилотдаги доимий вакиллари қатнашди. Таъкидлаш керакки, бу йилги юқори мартабали тадбирга Ташкилотга аъзо-давлатлар орасидан фақат Ўзбекистон ва Бангладеш таклиф қилинди.
Халқаро она тили кунига ЮНЕСКОнинг 1999 йилда бўлиб ўтган бош анжуманида асос солинган бўлиб, ушбу кун 2000 йилдан буён ҳар йили 21-февраль куни кенг нишонланади. Ташкилот доирасида бўладиган тадбирлар (семинар, фестиваль, маданий анжуман ва бошқалар) Бангладеш ташаббуси билан бошқа давлатлар иштирокида ўтказилади. Жорий йилдаги тадбирларда Ўзбекистон Республикаси расман ҳаммуаллиф сифатида иштирок этмоқда.
Бу йил ушбу халқаро сана муносабати билан ташкил этилаётган тадбирлар “Таълим ва жамият кенг қамровлигини таъминлаш учун кўп тиллиликни ривожлантириш” мавзуси остида ўтказилмоқда. “Давра суҳбати”да она тили ва лингвистик турфа хилликни ривожлантиришни қўллаб-қуваватлаш, кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни давлатлар, минтақалар ва глобал миқёсда илгари суришнинг илмий-амалий, сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа жиҳатлари, бу йўналишдаги мавжуд муаммолар ва имкониятлар атрофлича муҳокама қилинди.
ЮНЕСКО Бош директори О.Азуле инсонларнинг ўзини, ҳиссиётлари ва фикрларини ифода этиш ҳамда жамият билан боғлаш воситаси бўлган дунёда мавжуд 7 мингдан ортиқ тилни “фавқулодда бой мерос”, деб таърифлади. Лекин, унинг фикрича, ушбу бойлик турли омиллар, жумладан ахборот-коммуникация тизимларининг мутаносиб жорий этилмаганлиги, тилларнинг келажак авлодларга қолдириш учун етарли ишлар олиб борилмаётганлиги туфайли тобора хавф остида қолмоқда. Бош директорга кўра, “лингвистик турфа хилликнинг емирилишини олдини олиш учун энг яхши йўл - бу тилларнинг жамиятда, жумладан, мактабларда яшашидир”.
Бош директор мактабларда кўп тилликни рағбатлантиришга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, линвистик турфа хиллик жамиятдаги кўпгина соҳалардаги тенгсизликка қарши кураш учун муҳим воситадир. О.Азуле ЮНЕСКО ўтган йил ишга туширган ва унинг доирасида 60 мингдан зиёд китоб турли тилларга таржима қилинган “Ҳикояни таржима қил” ташаббуси иштирокчилари шаънига илиқ фикрлар билдирди.
ЮНЕСКО Бош директорининг таълим масалалари бўйича ўринбосари С.Жаннини Ташкилотнинг “Ҳикояни таржима қил” халқаро кампаниясида Ўзбекистоннинг фаол иштирок этаётганига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистонда расман ишга туширилган ушбу ташаббус мамлакатда китобларни турли тилларга таржима қилиш ва пандемия даврида ёшлар орасида уйда китоб ўқишни тарғиб қилиш ва рағбатлантиришга қаратилган ўта муваффақиятли қўшма лойиҳа ҳисобланади.
Ўзбекистон Доимий ваколатхонаси раҳбари тадбир қатнашчиларига мамлакатимиз цивилизациялар чорраҳасида жойлашгани, унда турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув биргаликда яшаб келаётгани ҳамда бугунги кунда олиб борилаётган барча тилларни рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Давлатимизда бўлаётган сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий жараёнлар мисолида кўпмиллатлилик ва кўптиллиликни қўллаб-қувватлаш нафақат таълим ва илм-фан балки давлат ва минтақада ўзаро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий ўсишга замин яратадиган муҳим омил сифатида тавсифланди.
Алоҳида эътибор улуғ ўзбек шоирлари ва мутафаккирлари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг туғилган кунларини нишонлаш муносабати билан февраль ойида Ўзбекистон ва бошқа хорижий давлатларда ўтказилаётган кенг қамровли маданий-маърифий тадбирларга қаратилди. Ўзбек адабиётининг буюк намоёндалари ҳисобланган ушбу адибларнинг ўлмас асарлари ҳам узоқ йиллар давомида маданий турфахиллик ва кўптиллиликни тарғиб этиб келаётганлигига тўхталиб ўтилди.
Иштирокчиларга жорий йил Хивада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиладиган “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданий форуми тўғрисида хабар берилди. Ушбу тадбир ҳам маданий ва лингвистик турфахилликни рағбатлантиришга ҳамда бу борада Марказий Осиё давлатлари қўшиб келаётган улкан ҳиссани ўрганиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш учун навбатдаги муҳим тадбир эканлиги таъкидлаб ўтилди.
“Давра суҳбати”дан сўнг турли халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, тилшунослар ва мутахассислар иштирокида илмий-амалий вебинар ташкил этилди. Тадбирда, жумладан, она тили ва бошқа тилларни болаларнинг таълим олиши, шахс сифатида шаклланиши, ҳар бир инсон, оила ва жамиятда ўзликни англаш, ўзаро ҳурмат ва толерантликни мустаҳкамлаш, тенгсизликни камайтириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби ижтимоий жараёнлардаги муҳим роли, пандемия чекловлари даврида давлатлар ва жаҳон ҳамжамиятининг аҳолининг барча қатламлари учун узлуксиз таълимни таъминлашда кўптиллилик ва имо-ишора тилини ўрни ва афзалликлари, турли тилларни ўрганиш, маданий ва лингвистик турфахилликни тарғиб қилишда янги ахборот-коммуникацион технология ва платформаларни жорий этишнинг аҳамияти ҳақидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун Бангладеш таклифи билан 30 га яқин давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида Халқаро она тили куни муносабати билан виртуал тиллар кўргазмаси ва маданий томошалар ўтказиш режалаштирилган. Ушбу тадбирлар давомида жонли эфирда иштирокчи давлатлар томонидан тайёрланган турфахиллик, кўптиллилик ва кўпмиллатлиликни тарғиб қиладиган ахборот-тарғибот ва видеоматериаллар намойиши уюштирилади. Ўзбекистон тиллар кўргазмасида Алишер Навоийнинг “Не лутф эдики” ғазалини ва Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидасидан парча, маданий томошаларда эса турли миллат ва элат вакиллари томонидан Ўзбекистонга бағишланга “Эҳтиром” шеъри ва Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси асосида яратилган қўшиқ видеоролиги билан қатнашади. Барча фото ва видеоматериаллар махсус онлайн порталда жойлаштирилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги