Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазир Раҳмат Маматов Тойлоқда аҳоли билан учрашди
2021-02-19 | Жамият
Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов аҳолининг яшаш тарзи, турмуш шароити ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларини атрофлича ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги “Найман” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди.
Дастлаб ташриф доирасида эҳтиёжманд оилалар хонадонларини тартибга келтириш, ички йўлларни таъмирлаш, маҳалла ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Жумладан, вазир Р.Маматов янгидан таъмирланаётган маҳалла маркази биноси, Дарғом канали устида бунёд этилаётган кўприкда олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечириб, бу каби эзгу ҳаракатлар, энг аввало, аҳолининг муҳим ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, уларнинг яхши яшаши учун амалга оширилишини, шу боис ҳар бир вазифага масъулият билан ёндашиш ва ҳар бир ишни сифатли амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга маҳалла маркази ҳудудидаги бўш турган ерларда аҳоли дам олиш масканларини барпо этиш бўйича ўз таклифларини билдириб, бу хайрли иш маҳалланинг янада обод ва гўзал масканга айланишига хизмат қилишини айтиб ўтди.
Вазир Р.Маматов шундан сўнг одамларнинг муаммоларини уйма-уй ўрганиш мақсадида аҳоли хонадонларига ташриф буюриб, фуқаролар билан яқиндан мулоқотда бўлди. Суҳбат давомида оилавий тадбиркорлик, паррандачилик, томорқачилик билан шуғулланиш оилалар фаровонлиги ва аҳоли даромадларини ошишига хизмат қилишини, бугун мамлакатимизда интилган, ҳаракат қилганодам борки, меҳнатининг маҳсулини кўраётганини таъкидлади.
Шунингдек, мурожаатлар асосида аниқланган муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича вилоят ва туман мутасадди раҳбарларига зарур топшириқлар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги