Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ТИВ раҳбари ўринбосари: Кейинги вақтларда Ўзбекистонга хориждан қайтиб келган 150 дан ортиқ ватандош раҳбар ҳамда масъул лавозимларда фаолият юритмоқда
2021-02-19 | Сиёсат
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов бугун Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда сўзлаган нутқида ватандошлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида хорижда истиқомат қиладиган ватандошларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб қувватлаш, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ва унинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли, дўстона муносабатларини қуришга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган ватандошларга имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида тўхтаб ўтилган, - деб таъкидлади Фурқат Сидиқов. – Кейинги йилларда кўплаб ватандошларимиз юртимизга қайтиб, турли соҳалар ривожига ўз ҳиссасини қўшишмоқда. Ҳозирда уларнинг 150 нафардан ортиғи раҳбар ҳамда масъул лавозимларда фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, хориждаги ватандошлар орасидан салоҳиятли инвесторлар, малакали мутахассислар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олим ҳамда иқтидорли талабалардан иборат 30 дан зиёд хориж давлатда истиқомат қилаётган 480 дан ортиқ ватандош рўйхати шакллантирилди”.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги