Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат бюджетини бошқаришда бюджетлараро муносабатларни ислоҳ қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот
2021-02-19 | Иқтисодиёт
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августидаги 506-сон қарори билан тасдиқланган “2020 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси”га мувофиқ бюджетлараро муносабатларни ислоҳ қилиш, маҳаллий бошқарув органларининг мустақиллигини ва жавобгарлигини ошириш ҳамда бюджетлараро трансфертлар тақдим этиш қоидалар асосида уларни ажратишнинг шаффоф механизмини жорий этиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланган.
Осиё тараққиёт банкининг техник кўмаги доирасида Молия вазирлиги томонидан Давлат молиясини бошқаришнинг янада оқилона ва самарали тизимини таъминлаш мақсадида бюджет тизимининг бюджетлари ўртасида улардан ҳар бирининг харажатлар бўйича мажбуриятларини аниқ ажратишни ва даромад олиш манбаларини мустаҳкамлашни назарда тутувчи бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, бюджетлараро трансфертлар миқдорини ҳисоблаш ва ажратишнинг ягона ва шаффоф услубиятини жорий этиш бўйича чора – тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишда ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Молия вазирлигининг масъул ходимлари, Осиё тараққиёт банки томонидан жалб қилинган халқаро эксперт Андрей Тимофеев ва маҳаллий консултант Шухрат Усмонов билан биргаликда Тошкент вилояти маҳаллий бюджетига бириктирилган даромад ва харажатларни таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларни ўрганиш ишлари ташкил этилди.
Жумладан, жорий йилнинг 18 феврал куни Тошкент вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармасида Молия вазирлиги мутахассислари ва маҳаллий консултант Шухрат Усмонов иштирокида вилоятнинг туман ва шаҳар молия бўлимлари мутахассислари билан семинар ўтказилди.
Семинар давомида сўнги йилларда маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш юзасидан амалга оширилган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар, 2020 йилда жорий этилган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларни ҳисоблаш методологиясидаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Маҳаллий бюджетларни таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларни ўрганиш ишлари Сирдарё ва Наманган вилоятларида давом эттирилиши белгиланган. Ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича халқаро эксперт Андрей Тимофеевнинг тавсиялари асосида:
Давлат бюджети харажатларини бюджет тизими бюджетлари ўртасида тақсимотини аниқ белгилаш;
даромад олиш манбаларини мустаҳкамлашни назарда тутувчи бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш;
бюджетлараро трансфертлар миқдорини ҳисоблаш ва ажратишнинг ягона ва шаффоф услубияти жорий этиш назарда тутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги