Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент Чустдаги тўқимачилик корхонасида бўлди
2021-02-18 | Сиёсат
Давлатимиз раҳбари Чуст туманидаги “Chust textile” хусусий корхонасини бориб кўрди.
Ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш - давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналиши. Шу мақсадда шаҳар ва туманларда тўқимачилик мажмуалари ташкил этилмоқда. Чунки бунинг учун хомашё, инфратузилма ва бозор бор.
“Chust textile” корхонаси “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган. Фабриканинг иккита комплексида 1 минг 300 киши меҳнат қилмоқда.
Корхона буюртмага қараб, барча турдаги устки ва ички кийимларни ишлаб чиқариши мумкин. 2020 йилда қарийб 2 минг тонна мато ҳамда 5 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Италия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатларга 9 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Жорий йилда экспортни 12 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Президент корхонадаги иш жараёнини, тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.
- Илгари эгилиб пахта экардик, эгилиб терардик, лекин бошқа давлатларни боқардик. Охирги йилларда яратилган имкониятлар туфайли янги корхоналар пайдо бўляпти, тадбиркорлар эмин-эркин ривожланяпти, қайта ишлаш даражаси ошяпти. Кластерлар тузиб, пахтани эгали қилганимиз учун унинг сифати ҳам ўзгараяпти. Пахта сифатли бўлса, тадбиркорга осон бўлади, маҳсулоти сифатли, рақобатбардош бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Яна бир жиҳати, корхона бинолари кўп материаллар сарфланмай, ангар усулида барпо этилган. Натижада қурилишнинг ўзидан 6 миллион доллар иқтисод қилинган.
Давлатимиз раҳбари бунинг маҳсулот таннархига, рақобатбардошлигига таъсирини таъкидлаб, бошқа тўқимачилик мажмуаларини ҳам шундай лойиҳа асосида қуриш бўйича кўрсатма берди.
“Chust textile” лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 12 миллион доллар бўлиб, уч босқичга мўлжалланган. Тўлиқ қувватда йилига 5 минг тонна мато, 15 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Ишчилар сонини 2200 га етказиш режалаштирилган.
Шу ерда Наманган вилоятида амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти