Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, Сенат аъзоси Раҳмат Маматовнинг маҳалла тизими ходимларига табриги
2021-02-18 | Жамият
Қадрли маҳалла тизими ходимлари,
Ҳурматли ҳамкасблар,
Барчангизни биз учун муҳим сана — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил топганига бир йил тўлгани муносабати билан чин юракдан табриклайман.
Айтиш лозимки, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ҳамда жамият ривожи ва одамлар турмуш фаровонлигини ошириш йўлида бутунлай янгича тизим сифатида эътироф этилаётган вазирлик ва унинг қуйи поғоналари томонидан ўтган бир йил давомида аҳамиятга молик ишлар амалга оширилди.
Давлат ва халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприк бўлган фуқаролар йиғинлари иш самарадорлиги ошиши ва шу орқали халқимиз турмуш даражасини янада яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида аниқ натижаларга эришилиб, маҳаллалар ва оилалардаги кўплаб ижтимоий муаммолар камайишига эришилди. Аммо ҳали олдимизда турган масала ва муаммолар кўлами жуда кенг.
Бугун “юқоридан — қуйига” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар механизмида маҳалланинг ўрни ва аҳамиятини ошириш, фуқаролар йиғинлари раисларининг жараёнлар марказида бўлишини таъминлаш, “Маҳалла раиси ислоҳотчи”, “Маҳалла — ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгуси” тамойилларини амалий ҳаракатга айлантириш йўлида барчангизга куч-қувват, сабру матонат ва улкан муваффақиятлар тилайман.
Азиз ва қадрли тизим ходимлари,
Сизларни ушбу айём билан яна бир бор муборакбод этган ҳолда, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ ва омон бўлинг, азиз ҳамкасблар!
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги