Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Венгрияга ташрифи бошланди
2021-02-16 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Венгрияга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Делегация таркибига мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари, етакчи бизнес-тузилмалари раҳбарлари киритилган.
Ташриф дастурида Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларда ўзаро музокаралар ўтказиш назарда тутилган.
Эртага Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ҳамраислигида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-мажлиси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади.
2020 йил 16 июль куни Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 100 миллион долларга етказиш бўйича "Йўл харитаси"ни ҳаётга тадбиқ этиш йўлидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган эди. Бу ҳақда 2019 йил октябрь ойида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити доирасида Ўзбекистон ва Венгрия раҳбарларининг учрашувида келишиб олинган эди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги