Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ягона маълумотлар электрон базаси миллий антиплагиатни йўлга қўйишда асосий омил
2021-02-15 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази Ахборот ресурсларини шакллантириш департаменти бошлиғи Мирзаев Чингиз илмий лойиҳаларни тиклаш, ягона портални йўлга қўйиш учун қилган ишлари ҳақида сўзлади.
- Марказга ишга келганимда менга илмий лойиҳалар ҳисоботларини рақамлаштириш ҳамда ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш вазифаси юклатилди. Мустақиллик давридан бошлаб маҳаллий олимларимиз томонидан амалга оширилган илмий лойиҳаларни ягона электрон маълумотлар базасига йиғиш ва миллий тизимни йўлга қўйиш муҳим эди. Биринчи қадам ўлароқ 2017-2020 йиллар давомида олимлар томонидан амалга оширилган лойиҳаларни тизимга юкладик. Энг асосийси, яхши жамоа шакллантирилди ва ишни вазирлик тасарруфида мавжуд барча лойиҳаларни юклашдан бошладик.
Ягона электрон база
Кўпинча топширилган лойиҳаларнинг электрон нусхаси йўқ эди. Бу фаолиятимизнинг энг оғир қисми бўлди. Натижада ҳар бир лойиҳани, ҳисоботларини рақамлаштириш орқали электрон шаклга келтира бошладик. Электрон нусхаси бўлмаган лойиҳаларнинг ҳар бир саҳифаси сканер қурилмаси ёрдамида тизимга “PDF” форматида сақлаб борилди ҳамда ягона электрон маълумотлар базасидаги лойиҳаларнинг рўйхати (реестри) шакллантирилди. Қўлимизда мавжуд барча лойиҳалар йил ва фан йўналишларига қараб ажратилди. Шу тарзда ягона электрон тизим йўлга қўйилди.
Миллий электрон кутубхона
Ягона маълумотлар электрон базаси миллий антиплагиатни йўлга қўйишга асосий омил бўлади. Антиплагиат – бу курс иши, битирув малакавий иши, магистрлик диссертацияси, тадқиқотчилар томонидан тайёрланган диссертациялар, илмий мақолалар ва монографиялар матнларининг неча фоизи муаллиф эгасига тегишли ёки неча фоизи бошқа манбалардан олинганлигини аниқлашга ёрдам беради. Шунингдек изланувчиларнинг мустақил ишларини сифатли бажарилишини таъминлайди. Аммо эътибор берган бўлсангиз, ўзбек тилидаги лойиҳа ва диссертацияларни антиплагиатга текширганимизда аксарият ҳолларда аниқ маълумот чиқмайди. Бунга сабаб миллий тизимнинг мавжуд эмаслиги ва етарлича маълумот йўқлигида. Эндиликда ягона база бунинг ечими бўлиши мумкин.
Бундан ташқари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан киритилган таклиф асосида Миллий электрон кутубхонани ҳам шакллантиришни мақсад қилганмиз. Бундан мақсад лойиҳа қилиш истагида бўлган шахслар электрон платформадан мавзуга оид бирламчи маълумотларни олиш ёки шу лойиҳани давом этиш имконига эга бўлади. Бу эса кенг жамоатчиликка тақдим этиш учун ҳам йўлга қўйишга ёрдам беради.
Бу йил учун ҳаракат бошланди!
Фундаментал лойиҳалар 4 йилда бир марта берилганлиги сабабли, биз лойиҳаларни электрон тизимга ўтказиш учун ҳам 4 йил вақт оралиғини олганмиз. Шу йилга 2014 дан 2017 йилгача бўлган лойиҳаларни топиб уларни тизимга киритишни режалаштирганмиз. Ундан ташқари Мустақиллиқ давридан бошлаб 1991-2020 йиллар давомида Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган илмий лойиҳалар бўйича ҳисобот хужжатлари жамланган ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва архив хужжатлари билан қайта ишлашни ўз олдимизга мақсад қилиб белгилаб олганмиз. Лойиҳалар мавзулари бизда мавжуд, эндиликда лойиҳалар қандай амалга оширилгани ва қайси йуналишларда олиб борилганлиги ҳамда унинг натижадорлиги бўйича маълумотлар йиғилмоқда. Мустақиллик даврида ҳамда ундан олдинги даврлар мобайнида амалга оширилган илмий лойиҳа ҳисоботларини электрон ҳолатга келтирсак, илм-фаннинг ҳозирги ва аввалги ҳолатини таҳлил қилиш ва даражасини аниқлашга муваффақ бўламиз. Бу бизга мамлакат айнан қайси соҳа ва фан йўналишида илғор бўлган ва илм-фан салоҳиятининг йиллар давомида ўсиш даражасини аниқлашга ёрдам беради.
Олдинга қўйилган режалар
Кўриб турганингиздек, истиқболли мақсадлар аниқ қўйилган ва уларни амалга ошириш учун барча режалар ҳам тузилган. Эндиликда биз Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган интеллектуал мулк объектлари бўйича патентларнинг шакллантирилган базасига оид ҳужжатлари билан қайта ишлашни бошладик. Бу базага Ўзбекистон Республикасида мавжуд олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган мутахассисларнинг халқаро илмий журналларда ва маҳаллий илмий нашрлардаги мақолаларининг ягона электрон маълумотларини ҳам бу тизимга йўналтирмоқчимиз. Шундай мақсадлардан яна бири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг тегишли қарорлари билан шакллантирилган диссертациялар ва уларнинг асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхати асосида ягона электрон базасини шакллантиришдир.
Азиза Асланова
Илмий-техник ахборот маркази
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги