Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

2021-02-15 | Иқтисодиёт

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (“Ўзстандарт” агентлиги) фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси, Бош прокуратура, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, шунингдек, "Ўзстандарт" агентлиги, унинг таркибий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар раҳбарияти иштирок этди.

Идоранинг жорий фаолияти ва Республикадаги стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасининг ҳолати танқидий кўриб чиқилди. Маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорда рақобатбардошлигини белгиловчи асосий омиллардан бири бўлган миллий қонунчилик замонавий халқаро стандартларга мувофиқ эмаслиги қайд этилди. Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, сертификатлаш ва аккредитация қилиш миллий тизимининг шаффофлиги талаб даражасида эмаслиги ҳам таъкидланди.

Агентлик раҳбарияти ва ходимларининг маҳаллий экспортчи тадбиркорларни амалий қўллаб-қувватлаш, хусусан, халқаро сертификатларни олишга кўмаклашиш масалаларига етарли даражада жалб этилмаганлиги қайд этилди. Бундай сертификатларнинг мавжудлиги истиқболли ташқи бозорларга чиқиш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун зарур шартлардан бири ҳисобланади.

Муҳокама чоғида Агентлик раҳбарияти ташкилот фаолиятидаги энг долзарб масалаларни тилга олди ва уларни ҳал этиш бўйича таклифларини билдирди. Жумладан, “Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти” (Стандартлар институти) ва "Ўзбекистон илмий синов ва сифатни назорат қилиш маркази" ДУК (Uztest) фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш билан Агентликнинг ижро этувчи аппарати таркибини оптималлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар эътибор қаратилди.

Шунингдек, халқаро стандартларнинг маҳаллий корхоналар томонидан татбиқ этилишининг жорий ҳолати, синов лабораторияларининг техник ҳолати ва амалдаги меъёрий талабларни умумэътироф этилган меъёрларга уйғунлаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида ҳисоботлар тингланди.

Масъул раҳбарларга стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, хусусан, бир қатор қонун ҳужжатларини, яъни “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”, шунингдек, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларни қайта кўриб чиқиш ва янги таҳрирда олиб кириш ишларини фаоллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Маҳсулотларнинг техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш тизимини яхшилаш, жумладан, божхона жараёнида техник регламентларнинг бажарилиши устидан давлат назоратини жорий этиш ҳамда хавф таҳлили ва танланма асосида экспертиза ўтказиш орқали маҳсулот сифатини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилинадиган жараёнларни амалиётга киритиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди.

Жорий йилда тадбиркорлар билан манзилли ишлашга урғу берилиши таъкидланди – турли тармоқлардаги 13,7 минг корхонада стандартларга риоя қилиш ва маҳсулот сифатини таъминлашни назорат этиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказиш, 5200та янги стандартларни жорий этиш, 6 минг корхонада, шу жумладан, 437та кластер туридаги корхонада маҳсулот сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. 1723та миллий стандартни ва 12та техник регламентни халқаро талабларга мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу соҳадаги 2 мингга яқин мутахассиснинг малакасини ошириш бўйича чоралар қабул қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ЕИ, ЕОИИ, АҚШ, ХХР, БАА, Эрон, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Покистон ва Афғонистонга олиб кирилаётган товарларга кўлланиладиган амалдаги талаблар ва техник чекловлар тўғрисида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларга атрофлича ахборот бериш бўйича бир қатор тадбирлар режалаштирилган.

Муҳокама якунида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича келгусидаги тадбирлар белгиланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться