Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Намангандаги чекка мактабларни бориб кўрди
2021-02-15 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев илм масканлардаги мавжуд шарт-шароитлар ва таълим жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги чекка мактабларда бўлди.
Ҳукумат масъул вакили Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отахўжаев, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Иброҳим Жўраев, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустамжон Исроилов ҳамроҳлигида “Боғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 9-сонли мактаб фаолияти билан танишиш асносида дарс жараёнларини кузатди. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан мулоқот қилиб, улар учун маърифат даргоҳида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида халқ таълими тизими, уларда ёшларга зиё улашаётган муҳтарам устоз муаллимларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтиришга ҳар қачонгидан-да юксак эътибор қаратилмоқда.
Мулоқот чоғида ёш авлод, келажагимиз эгалари кўрсатилаётган эътибор ва яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, илм-фан чўққилари сари астойдил интилиб, озод юрт эртасига ҳар жиҳатдан муносиб улғайишга даъват этилди.
Тумандаги ўрганишлар чоғида мутасаддилар Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 40-мактабда ҳам бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Беш муҳим ташаббус доирасида олиб борилаётган ишлар ва тадбирлар билан танишиб, педагогик жамоа ва ўқувчиларга ёш авлод истиқболи борасидаги зарур таклиф-тавсияларни беришди.
Оқилхон Дадабоев
Манба: ЎзА