Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТДҲК) бош котиби Бағдод Амреев билан Тошкентда учрашув ўтказди.
2021-02-14 | Иқтисодиёт
Томонлар ТДҲКга аъзо давлатлар ўртасида тажриба, ахборот ва технологиялар билан алмашинувни янада кенгайтириш мақсадида 2021 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлари кенгашининг биринчи йиғилишини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТДҲК) бош котиби Бағдод Амреев билан Тошкентда учрашув ўтказди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлиги сезиларли даражада мустаҳкамланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Чўлпон ота шаҳрида (Қирғизистон) бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммитида фахрий меҳмон сифатидаги иштироки Ўзбекистоннинг ТДҲК билан ўзаро алоқалари тарихидаги туб бурилиш нуқтасига айланди.
“Биз туркий мамлакатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба ва илмий ишланмалар натижалари билан алмашиш учун очиқмиз, ТДҲК платформаси эса Туркий кенгашга аъзо мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари марказлари мутахассислари, олимлари ва бошқа вакиллари учун қулай майдонга айланиши шубҳасиз, — дея таъкидлади вазир Жамшид Ходжаев. — Туркий дунёнинг ҳар бир мамлакати рақамлаштириш соҳасидаги муайян йўналишлар бўйича ўз ютуқларига эга ва бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини такомиллаштиришга ёрдам беради".
Томонлар ТДҲКга аъзо давлатлар ўртасида тажриба, ахборот ва технологиялар билан алмашинувни янада кенгайтириш мақсадида 2021 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлари кенгашининг биринчи йиғилишини, шунингдек, Кенгашга аъзо мамлакатлар йирик агрокомпаниялари иштирокида Қишлоқ хўжалиги бизнес форумини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
"Биз барча қишлоқ хўжалиги вазирларини йиғамиз ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қайси йўналишда амалга ошириш мумкинлигини муҳокама қиламиз, — деди Туркий кенгаш бош котиби Бағдод Амреев. — Бу ТДҲК мамлакатлари учун улкан ва муваффақиятли иш бўлади, чунки барчамиз бир-биримизнинг тўлдириб турамиз".
Учрашув давомида Кенгаш ҳамда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Вазир Туркий Кенгашнинг аграр сиёсатини ФАО Минтақавий ҳамкорлик дастурининг Жануб-Жануб йўналиши билан мувофиқлаштириш зарурияти ҳақида гапирди. Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРД) эришиш учун мамлакатлар томонидан қабул қилинган мажбуриятлар эса исталган натижаларга етиш учун янги ҳамкорлик алоқалари ва замонавий ёндашувлар зарурлиги ҳақида эслатиб туради. Жануб-Жануб йўналиши бўйича шериклик ривожланаётган мамлакатлар ўртасида ҳамфикрлилик тамойилларига асосланган ҳамкорликнинг кенг майдони вазифасини ўтайди.
Учрашув сўнгида вазир Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясининг мақсад ва вазифалари доирасида Илм-фан, таълим ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини бирлаштиришнинг ягона тизими (AKIS) яратилаётгани ҳақида сўзлади. Куни кеча Ўзбекистон Президентининг Фармони билан Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021-2025 йилларда устувор ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ташкил этилди, у аграр соҳадаги барча давлат илмий ва таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги