Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон – Афғонистон ҳамкорлигининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди

2021-02-14 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар билан видеоконференция шаклида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро келишувлар амалга оширилишини муҳокама қилди.

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 2 февраль куни бўлиб ўтган тегишли юқори даражадаги уч томонлама ишчи гуруҳнинг йиғилиши якунида қабул қилинган “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари кун тартибининг марказидан жой эгаллади. Муҳокама давомида мавжуд масалалар атрофлича кўриб чиқилиб ҳал этилди, шунингдек, эришилган келишувларнинг амалий ижросини жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.
 
Мулоқотда “Сурхон — Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Томонлар қурилиш ишларини ташкил этиш, логистика, зарур асбоб-ускуналар етказиб бериш, ишчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа жиҳатлар билан боғлиқ қатор масалаларни муҳокама қилдилар. Мазкур лойиҳани рўёбга чиқаришни жадаллаштиришга қаратилган яқин ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди.
 
Шу нуқтаи назардан, томонлар Афғонистонда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида ўзбек компанияларини муҳандислик ва қурилиш ишларини бажариш учун пудратчи ташкилотлар сифатида жалб этиш истиқболларини кўриб чиқди.
 
Икки мамлакат тадбиркорларини қўшма инвестиция ва савдо фаолиятига фаол жалб этиш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашилди. Шу мақсадда ўзбекистонлик бўлажак шериклар билан қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш бўйича музокаралар ўтказиш учун бир гуруҳ афғонистонлик тадбиркорларнинг Термиз шаҳрига ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
 
Музокара чоғида кон қазиб чиқариш, нефть-газ, энергетика, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноати, шунингдек, Афғонистонда қишлоқ хўжалиги, ирригация ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга Ўзбекистон хусусий компанияларини жалб этиш бўйича таклифлар билдирилди ва кўриб чиқилди. Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари экспертлари ва мутахассислари иштирокида аниқ лойиҳавий таклифларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
 
Томонлар, шунингдек, яқин келажакда имзолаш мақсадида Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ҳамда Ўзаро савдони рағбатлантириш тўғрисида битимни ишлаб чиқишни тезлаштиришга келишиб олдилар. Музокара қатнашчиларининг фикрича, бу қадам ўзбек ва афғон тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларининг барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратади.
 
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоҳида муҳокама қилинди – темир йўлларни қуриш ва бошқариш, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида афғон мутахассислари учун ихтисослаштирилган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш масаласи ҳал этилди.
 
Музокара якунлари бўйича 2021 йилга мўлжалланган комплекс Тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тезкор равишда тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришилди. Ушбу режа барча эришилган келишувлар, маъқулланган лойиҳалар ва ташаббусларни ўз ичига олиб, уларни самарали амалга ошириш бўйича икки томонлама мувофиқлаштирилган ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради. Мазкур ҳаракат режаси келаётган ҳафта давомида келишиб олинади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться