Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Қозоғистон: иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида
2021-02-14 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасидаги “Ғишт – Кўприк” чегара божхона пости ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Б.Султонов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ўзаро тайёрлигини таъкидладилар. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида келишилган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”нинг амалга оширилишига оид масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар тасдиқланган тадбирлар ва лойиҳаларни илгари суриш учун икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш механизмларини ҳам белгилаб олдилар.
Шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар, хусусан, трансчегаравий муносабатларни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва “Марказий Осиё” халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик маркази (ХСИҲМ)ни ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилишининг бориши муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ушбу лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилишини жадаллаштиришга келишиб, икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳал этиш бўйича навбатдаги қўшма тадбирларни режалаштириб олди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги