Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Авлод” маҳалласидаги аҳоли томорқалари кўздан кечирилди
2021-02-14 | Жамият
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ гуруҳ аҳзолари Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги энг олис ҳудудлардан бири — “Авлод” маҳалласига ташриф буюрди ҳамда бу ердаги мавжуд муаммоларни атрофлича ўрганди.
Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, хонадонлардаги томорқа ерларидан унумли фойдаланиш борасида маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
“Авлод” маҳалласида яшовчи фуқаро Эшпўлат Қулбоев ҳозирда ўз хонадонида иссиқхона ташкил этиб, маҳалладаги 3 нафар фуқарони иш билан таъминлаб келмоқда. Вазир Р.Маматов хонадон эгаси билан бу ерда етиштирилаётган булғор қалампири ва помидор кўчатларини етиштириш борасида суҳбат олиб борди ҳамда ўз тавсияларини берди.
Маҳалла фуқароларидан яна бири — Нурбой Тошпўлатов ўз хонадонида қишки карам маҳсулотларини етиштириб, ҳозирга қадар кўплаб хориж давлатларига экспорт қилиб келмоқда. Шунингдек, маҳаллий тадбиркор Азамат Худойқулов ҳам ўзи етиштираётган ерёнғоқ маҳсулотини экспорт қилишга тайёрламоқда. А. Худойқулов мазкур тадбиркорлик фаолияти натижасида айни дамда 35 кишини мавсумий иш билан таъминлаган. Мазкур тадбиркорлар билан олиб борилган суҳбат давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳудуд масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳудудда олиб борилган ўрганишлар давомида маҳалладаги “Мусулмонхон” қабристонининг ободонлаштириш, ёшларни спортга жалб этиш, маҳалладаги спорт майдончасини таъмирлаш бўйича туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ходимларига зарур топшириқлар берилди. Бундан ташқари тадбиркор Худойберди Аллаёров томонидан билдирилган, Авлод” маҳалласи учун давлат шерикчилиги асосида янги бино қуриш таклифи вазир Р.Маматов томонидан маъқулланди ҳамда бунинг учун зарур ҳужжатлар тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ташриф давомида аҳоли билан ўтказилган қатор учрашувлар давомида аниқланган маҳалладаги ички йўлларни кенгайтириш ҳамда таъмирлаш, йўллар четидаги девор ва дарахтларни оқлаш бўйича мутасадди ташкилот вакилларига зарур торшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги