Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

2021-02-13 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Иқтидорли ва истиқболли, айниқса, республика ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш борасида барча шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5843-сон Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ихтиёрига ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

2. Қуйидагилар Жамғарманинг қўшимча вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

иқтидорли ва истиқболли, айниқса, республика ҳудудларидан давлат хизматчиларини тизимли равишда излаб топиш, танлаш ва рағбатлантириш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олишини ва стажировкадан ўтишини ташкил этиш;

профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга кўмаклашиш;

ривожланган мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда хорижий экспертлар билан ҳамкорликда давлат хизмати ва таълим соҳасига рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш;

хорижий таълим, илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва экспертлар, шунингдек, ватандошлар билан ҳамкорликда онлайн платформаларга асосланган масофавий таълим дастурлари, ўқув курслари ва бошқа таълим, илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни амалга ошириш.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг мутахассисларни излаб топиш, танлаш ва уларнинг хорижда таълим олишини ташкил этиш тизимини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича таклифига розилик берилсин:

 очиқ стипендия танловлари асосида хорижда бакалавриат,магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари Жамғарманинг асосий таълим дастурлари (кейинги ўринларда – таълим дастурлари) ҳисобланади;

 Жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодларни саралаш танлови мунтазам равишда ва Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар очиқ тарзда амалга оширилади;

 Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг тўғридан-тўғри буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича стажировкадан ўтиш дастурлари ташкил этилади.

 4. Белгилансинки, Жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодларнинг очиқ саралаш танлови қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

  давлат ва жамият бошқаруви;

  қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳаси;

  таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа тармоқлари;

  иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари.

 5. Жамғарма 2021 йилда очиқ стипендия танловлари асосида ёшларнинг нуфузли хорижий мамлакатларда бакалавриат дастури бўйича таълим олиши учун 100 та ўрин, магистратура ва докторантурада ўқиш учун аввалги йилларга нисбатан ўртача 5 баробар кўп ўрин ажратсин.

 6. Белгилаб қўйилсинки:

Жамғармага Давлат бюджетидан тегишли йил учун ажратилиб ишлатилмасдан қолган маблағлар Жамғарма ихтиёрида қолдирилади ва кейинги йиллар учун унинг таълим дастурларини молиялаштириш учун йўналтирилади;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиларининг хорижий таълим, илмий ва бошқа ташкилотларда стажировкаси ташкил этилади;

хорижда кадрлар малакасини ошириш, уларнинг стажировкадан ўтишини ташкил этиш ва хорижий тилларга ўқитиш тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар учун Давлат бюджетида назарда тутилган мақсадли маблағлар, буюртмачиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этилади;

Жамғарма стипендиялари квоталари Васийлик кенгаши қарорига кўра таълим дастурлари ҳамда истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликларни ҳисобга олган ҳолда таълим соҳалари кесимида номзодларни саралаш танловини ўтказиш йўналишлари бўйича ажратилади;

Жамғарма таълим дастурлари бўйича таълим олган стипендиатларга стипендиат билан тузилган шартномада белгиланган тартиб ҳамда муддат мобайнида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларда узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади;

Жамғарма давлат хизматчилари ва бошқа тоифадаги ходимлар салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, иқтидорли ва истиқболли ёшларни, энг аввало республика ҳудудларидаги ёшларни рағбатлантириш мақсадида етакчи хорижий ва маҳаллий олимлар ҳамда экспертларни жалб этган ҳолда ўқув курслари, илмий-маърифий ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳуқуқига эга;

 стипендиат узрсиз сабабга кўра таълим дастурларидан четлаштирилган тақдирда ёки Жамғарма таълим дастурлари тугалланганидан сўнг меҳнат фаолиятини вазирликлар, идоралар ёки бошқа давлат ташкилотларида давом эттиришдан бош тортган ҳолларда, Жамғарма томонидан стипендиатнинг таълим олиши учун сарфланган барча молиявий харажатлар у билан имзоланган шартнома шартларига мувофиқ стипендиат томонидан қопланади.

7. Жамғарма Васийлик кенгаши икки ой муддатда:

вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг тўғридан-тўғри буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича амалга ошириладиган стажировкадан ўтишни ташкил этиш тартибини;

Жамғарма стипендияларини молиялаштиришнинг бир стипендиатга мўлжалланган чекланган миқдорини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

8. Қуйидагилар:

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши таркиби 3-иловага мувофиқ;

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни очиқ саралаш танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан “Йўл харитаси” 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

9. Вазирликлар, идоралар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар:

ҳар йили 1 сентябрга қадар энг яхши тайёрланган номзодларни Жамғарманинг очиқ саралаш танловида иштирок этишга тавсия этган ҳолда Жамғарма таълим дастурлари бўйича таълим олиш учун истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича реал эҳтиёж тўғрисидаги маълумотларни Жамғармага киритиб борсин;

тизимли асосда стипендиатлар меҳнат фаолиятининг мониторингини ўтказишда Жамғармага кўмаклашсин, уларни муносиб ишга жойлаштириш, Ўзбекистонда уларнинг касбий жиҳатдан ўсиши ва мансаб поғоналарида кўтарилиши учун шароитлар яратсин.

10. Жамғармага, истисно тариқасида, ўз таълим дастурларини ташкил этиши, республикага хорижий олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан, ватандошларни жалб қилиши учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда импорт контрактлари (шартномалари)ни мажбурий тарзда рўйхатдан ўтказмаган ҳолда биржа танловлари ва ваколатли органларда контрактлар (шартномалар)ни экспертизадан ўтказмасдан хизматлар кўрсатиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича Жамғарма номидан тузиладиган импорт контрактларини амалга ошириш муддатлари айнан ушбу контрактларда белгиланган муддатлар ҳисобланади.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонлари 7-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

13. Жамғарма манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Жамғарма (А.Ш. Бекмуродов) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.К. Кучимов) ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Д. Хаджаев) билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармон моҳияти ва аҳамияти бўйича чиқишлар ва тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.

15. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари К.К. Куранбаев белгилансин.

16. Мазкур Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар йил якуни бўйича ахборот киритиб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 11 февраль

Манба: ЎзА

Поделиться