Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Алишер Навоийнинг «Маҳбубул қулуб» асари беларусь тилида чоп этилди. Китоб тақдимоти 16 февраль куни бўлиб ўтади
2021-02-13 | Маданият
Жорий йил 16 февраль куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитаси биносида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири, жамоат ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Беларусдаги элчихонаси маълумотига кўра, анжуман доирасида Алишер Навоийнинг «Маҳбубул-қулуб» асарининг беларусь тилида нашр этилган китоби тақдимоти ўтказилади.
Тадбир Ўзбекистоннинг Минскдаги элчихонаси, Беларусь Президенти кутубхонаси ва МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этимоқда.
Анжуманда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Беларусь Республикаси Миллий ассамблеяси кенгашининг халқаро ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича комиссияси раиси Сергей Рачков, «Звязда» нашриёти бош директори Александр Карлюкевич, Беларусь Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Алишер Навоий асарлари таржимонлари, Ҳамдўстлик давлатларининг элчилари, МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбарияти ҳамда доимий ваколатли вакиллари иштирок этиши назарда тутилган.
Шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси биносида фойесида Алишер Навоий ижодига бағишланган китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги