Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ ва армия ўртасидаги ишонч мустаҳкамланмоқда
2021-02-12 | Хавфсизлик соҳаси
Мамлакатимиз Президентининг топшириғи асосида Сурхондарё вилоятида Қуролли Кучлар тузилмалари бўлинмалари иштирокида бошқарув органлари ва қўшинлар билан мамлакат хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда маҳаллий аҳолига кўмаклашиш мақсадида ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда.
Сурхондарё вилоятининг ҳарбий қисмлар навбатчилик бўлинмаларига етиб келган сигнал орқали ўқув машғулотлари бошланди. Унга кўра қўшинлар шахсий таркиби юқори жанговар шайликка келтирилди. Шахсий таркиб зудлик билан тегишли анжом ва қурол-аслаҳаларни олган ҳолда жанговар ва зирҳли техникаларга жойлашди. Бўлинма командирлари томонидан белгиланган жанговар топшириқни бажариш, кўзланган мақсадга эришишда қўл келадиган аниқ режалар ишлаб чиқилиб, ҳаракатланиш йўналиши белгилаб олинди. Шундан сўнг шахсий таркиб жанговар ва зирҳли техникаларда белгиланган ўқув жойи томон йўл олди.
Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи раҳбарлигида ўтказилаётган ўқув машғулотлари давомида 100 дан ортиқ ўқув саволлари амалий тарзда кўриб чиқилади. Ўқув машғулотлари бошланиши билан Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси ҳамда унга яқин бўлган ҳудудларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш ишлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва ҳамкор кучлар билан биргаликда кучайтирилган тизимга ўтказилди. Унга кўра, блок постларни кучайтириш, аҳоли ўртасида тартибсизликларнинг олдини олиш, муҳим объектларни муҳофаза қилиш борасида ҳам режали чора-тадбирларни қўллаш белгиланди.
Мазкур ўқув машғулотлари куч тузилмаларининг жанговар шайлиги ва қобилиятини ошириш, жанубий сарҳадларимизнинг ишончли ҳимоясини ташкил этиш ҳамда ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича маҳаллий бошқарув органлари ва куч тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини амалда қўллаш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилмоқда.
Шунингдек, ўқув машғулотлари давомида маҳаллий аҳоли учун Қуролли Кучлар қудратини ва бошқарув органларининг ўзаро ҳамкорлигини намойиш этиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда маҳаллий аҳолига кўмаклашиш билан бирга, ҳарбий-тиббий мутахассислар иштирокида фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, улар орасида тушунтириш ва маданий-маърифий ишларни олиб бориш орқали профилактик тадбирларни йўлга қўйиш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида миллий армиямизга бўлган фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш, халқ ва миллий армия ўртасида бўлган ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар ўтказиб борилиши режалаштирилган.
Қўшинларимизнинг жанговар шайлиги ва ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлигини янада ошириш, фуқароларимизда миллий армиямизнинг куч-қудратига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган машғулотлар давом этмоқда.
Мақсуд АБИЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги