Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанднинг туризм салоҳиятини ривожлантириш ҳақида маълумот берилди
2021-02-12 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳиятини, шу жумладан зиёрат туризмини ривожлантиришга доир тақдимот билан танишди.
Жорий йил 9 февраль куни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш ва сифатини ошириш, сайёҳларга мақбул шароитлар яратиш мақсадлари белгиланди.
Бу борада Самарқанднинг салоҳияти жуда юқори. Шу боис мазкур вилоятда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Самарқанд туманида туристик марказ ташкил этилмоқда. Бу сўлим масканда 8 та замонавий меҳмонхона, йирик анжуманлар зали, ресторанлар, боғ ва сайилгоҳлар бўлади.
Ушбу туристик марказни Самарқанд халқаро аэропорти, темир йўл вокзали, Имом Бухорий мақбараси, Регистон майдони ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан боғлайдиган кўчалар таъмирланмоқда.
Самарқанд шаҳрининг туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 10 та янги меҳмонхона барпо этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари тақдимот билан танишиб, транспорт, йўл ва коммуникация тармоқларини ривожлантириш, Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш, савдо ва хизматларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти