Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистондаги болалар боғчалари дастурлашни ўргатадиган роботлар билан таъминламоқда
2021-02-10 | Таълим
Мактабгача таълим вазирлигида болаларга робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатишга мўлжалланган Albert ва Genibоt ақлли роботларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Жанубий кореялик ҳамкорлар Ўзбекистон мактабгача таълим муассасаларига 275 та робот ва 350 та ўқув қўлланмаси тақдим қилди.
Тадбир Мактабгача таълим вазирлиги, Жанубий Корея робот саноатини ривожлантириш институти, Жанубий Корея ўқитувчилар уюшмаси, шунингдек, FRG Korea, Dazzle Edu, Genie Robоt ва SK Telecom компаниялари вакиллари иштирокида онлайн шаклда ўтказилди.
Albert ва Genibоt роботлари Ўзбекистон бўйлаб 53 та мактабгача таълим муассасасига тақсимланади. Жойларда устозларни ўқитиш ва пилот лойиҳаси натижаларини мониторинг қилиш ишлари вазирлик ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази томонидан олиб борилади.
Пилот лойиҳаси муваффақиятли якунлангач, вазирлик янада кўп болалар боғчаларини ақлли роботлар билан таъминлайди, шунингдек, уларнинг иш функцияларини имкониятлари чекланган болаларга мўлжалланган дастур билан тўлдиради.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги