Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аграр соҳада янги ихтиро
2021-02-10 | Инновация
Тошкент давлат аграр университети ҳамда Инха университети мутахассислари ривожланган хориж мамлакатларида ишлаб чиқариладиган агрометеорологик станцияларнинг прототипини яратишга муваффақ бўлди.
Ерга уруғлик қадаб, ундан мўл ҳосил олиш учун мавсум давомида амалга ошириладиган агрологик тадбирлардан ташқари, ҳудудга оид об-ҳаво маълумотларини олдиндан билиш, зарарли ҳашарот ва зараркунандаларга қарши ўз вақтида курашиш нечоғлик муҳимлигини деҳқонлар яхши билади. Жаҳон тажрибасида кенг қўлланилиб, имкониятлари жиҳатидан йил сайин такомиллашиб бораётган замонавий агрометеорологик станциялар шу каби вазифаларни бажаришда асқотади.
БМТ Тараққиёт дастури ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Фарғона водийсида фермерларнинг иқлим ўзгариши хатарларига мослашиши ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида юртимизда ўтган йили ана шундай станцияларни яратиш ишлари бошланган эди. Россия Федерацияси томонидан молиялаштирилган лойиҳага жалб қилинган Тошкент давлат аграр университети ҳамда Инха университети мутахассислари ривожланган хориж мамлакатларида ишлаб чиқариладиган агрометеорологик станцияларнинг прототипини яратишга муваффақ бўлди. Олимлар қурилма билан бирга, унинг маҳаллий шароитимизга мослаштирилган дастурий таъминотини ҳам ишлаб чиқди.
— Мазкур агрометеорологик станциялар одатий метеостанциялардан фарқли тарзда, фақат об-ҳаво башорати билангина чекланмай, деҳқон ва фермерларга соҳада қўл келадиган бошқа кўплаб муҳим маълумотларни ҳам тақдим этиб боради, — деди лойиҳа бўлим бошлиғи Бахтиёржон Тоштемиров. — Унинг ҳаво ҳарорати, намлик, ёғинлар миқдори, шамол йўналиши, тезлиги, тупроқ намлигини ўлчайдиган воситлари мавжуд. Станция орқали олинган об-ҳаво тўғрисидаги маълумотлар асосида махсус дастурий таъминот касаллик ва зараркунандаларнинг кўпайиш эҳтимоли бўйича тахминларни ишлаб чиқади ва автоматик равишда интернетдаги махсус сайтга жойлаштиради.
Бу қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун жуда муҳим манбаа бўлиб хизмат қилади. Боиси, деҳқонларимиз касаллик ва зараркунандаларнинг пайдо бўлгани ҳақида одатда, улар кўзга кўрингандан кейингина билади. Бу вақтда улар аллақачон экинларнинг қайсидир қисмига зарар етказиб улгурган, айрим ҳолларда қарши курашишнинг мутлақо фойдаси бўлмай қолади. Агрометеорологик станциялар башоратлари орқали эса ўсимликлар касалликлари ва зараркунандалари кўпайиши эҳтимоли ҳақида олдинроқ хабар топиб, экинларга етадиган зиённинг олдини олиш мумкин. Натижада ҳосилнинг катта қисмини сақлаб қолишга эришилади.
Деҳқонлар учун фойдали қўлланма
Агрометеорологик станциялардан фойдаланишда республикамиз ҳудудлари, айниқса, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида яхшигина тажриба бор. Боиси, БМТ Тараққиёт дастури доирасида 2019 йилдан бошланган “Фарғона водийсида фермерларнинг иқлим ўзгариши хатарларига мослашиши ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси илк синовларни айнан шу ҳудудларда бошлаган эди. Жараёнда ҳар бир вилоятдан учтадан туман танлаб олиниб, жаъми 9 та ҳудудга Европада ишлаб чиқарилган энг замонавий агрометеорологик станциялар ўрнатилди ҳамда улар махсус дастурий таъминотга уланди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда станцияларнинг ишлаш тизими, дастурий таъминот орқали олинадиган маълумотларни деҳқон ва фермерларга етказиб бориш механизми йўлга қўйилди.
Ушбу агрометеорологик станциялар 2020 йилнинг эрта баҳоридан ишлай бошлади. Инспекция ходимлари дастурий таъминотдан фойдаланишга ўқитилиб, кейинги босқичда уларга иш жараёнларини мониторинг қилиш вазифаси юклатилди. Улар станциялар орқали об-ҳаво шароити, башорати, шамол йўналиши, тезлиги, ҳаво намлиги, босими каби бир нечта кўрсаткичлар бўйича олинган ва тўғридан-тўғри компьютерга узатиладиган тезкор маълумотларни идорада ўтирган ҳолда кузатиб боради. Эндиги вазифа ана шу маълумотлар ва башоратларни маҳаллий деҳқон ҳамда фермерларга етказиб боришдан иборат эди. Мутахассислар бунинг замонавий ечимини қўллади — ҳар бир туманда агромеотерологик станциялар фаолиятини ёритиб, барча маълумот ва башоратларни тақдим қилиб борадиган телеграм гуруҳлар ташкил этилди.
Аграр соҳа вакилларига янада қулайлик яратиш мақсадида инспекция ходимлари мунтазам тақдим этиб бориладиган маълумотларга қўшимча тарзда, пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлган ўсимлик зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш чора-тадбирлари бўйича тавсияларини ҳам бериб бормоқда. Яратилган ушбу тизим кўплаб фермерларнинг кейинги тадбирларини берилган маълумотлар асосида режалаштириб, вақтида кўрилган чоралар орқали ҳосилни сақлаб қолишларига хизмат қилмоқда.
— Тизим биз кутган натижани беряпти, десак муболаға бўлмайди, — деди Бахтиёржон Тоштемиров. — Шу вақтга қадар 3 та вилоятдаги 375 та қишлоқ хўжалиги субъекти агрометерологик станциялар телеграм гуруҳларига аъзо қилинган бўлиб, уларнинг жами экин майдонни 3 минг 300 гектарни ташкил этади. 2020 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, водийда очилган телеграм гуруҳлар орқали 2193 та турли кўринишдаги ахборот, маълумот ва тавсиялар берилди. Ўздавкарантин инспекцияси ходимлари томонидан 1800 дан ортиқ маслаҳат хизматлари кўрсатилди. Тизим самарадорлигини таҳлил қилиш мақсадида ўтган йилнинг охирида телеграм гуруҳларга аъзо фермерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги ходимлари орасида аноним сўровнома ўтказилди. Фойдаланувчилар тақдим этилган саволларнинг аксариятига ижобий жавоб берган. Масалан, “Биз томонимиздан берилаётган тавсиялардан қай даражада мунтазам фойдаланяпсиз?”, деган саволга сўровномада қатнашганларнинг 57 фоизи доимий, 19 фоизи тез-тез, 14 фоизи баъзида фойдаланамиз, фақатгина 10 фоизи фойдаланмаяпмиз, деб жавоб берган. “Маълумотлар сизнинг фаолиятингизга, ҳосилдорликка қанчалик таъсир кўрсатяпти?”, деган саволга эса 90 фоиздан ортиқ фойдаланувчи сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатганини таъкидлаган. Демак, деҳқонларда ҳам меҳнат фаолиятини илм-фан манбалари асосида ташкил этиш кўникмаси шаклланиб боряпти.
Дастур ўзбек ча “гапиради”
БМТ Тараққиёт дастури грант лойиҳасининг галдаги мақсади ушбу ишларнинг республика бўйлаб кенг тадбиқ этилиши имкониятларини оширишга кўмак беришдан иборат бўлди. Бунга эришиш учун арзон, маҳаллий шароитимизга мос агрометеорологик станциялар ва уларнинг дастурий таъминотини яратиш ишлари режалаштирилган эди. Лойиҳага жалб этилган мутахассислар бунинг уддасидан чиқишди. Хориж қурилмаси асосида яратилган прототип мавжуд аналогининг айнан ўзи бўлса-да, ундан устунлик жиҳатлари ҳам бор. Биринчи галда, у чет элникидан деярли беш баробар арзон. Бироқ , бу мазкур ихтиронинг ягона афзаллиги эмас. У, шунингдек, онлайн тарзда 7 дан ортиқ метереологик кузатувларни олиб бориш, сақланган маълумотларни интерактив график кўринишида тақдим этиш, 7 кун ва ундан кўпроқ вақт давомида 10 дан зиёд кўрсаткич билан ҳудуднинг энг аниқ прогнозини чиқариб бериш имкониятига эга. Бундан ташқари, станциянинг 6 та ўсимлик тури бўйича 30 дан ортиқ касаллик ва зараркунандаларни моделлаштириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, келажакда бу кўрсаткичларни янада кўпайтириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, олимларимиз станциянинг нафақат механизми, балки дастурий таъминотини ҳам маҳаллийлаштиришга муваффақ бўлди. Эндиликда, ўзбек тилида иш юритадиган агрометеорологик станция дастури барча маълумотларни интернет тармоғидаги махсус сайтга жадваллар, чизмалар, графиклар, рақамлар кўринишида бериб боради. Катта вазифаларни бажаришга мўлжалланган мини станциянинг ҳажми кичиккина бўлиб, телевизорнинг антенасидек келади, холос. Қурилма 50 мм диаметрдаги темир устунга ўрнатилади-ю, бор-йўқлигини ҳам сездирмайди. Кичик жуссасига сиғдирадиган улкан вазифаларини эса оғишмай бажараверади.
Айни пайтда 6 та намунадаги маҳаллий агрометеорологик станциялар синов тариқасида Фарғона водийси ҳудудларига ўрнатилиб, ишга туширилди. Инспекция ходимлари ҳамда станция фойдаланувчилари қурилма аъло даражада ишлаётгани, барча жиҳатдан хорижникидан кам эмаслигини таъкидламоқда. Лойиҳа мутахассисларининг айтишича, жорий йил охирига қадар водий ҳудудларида шу турдаги станцияларнинг яна 9 таси ишга туширилади. Олинган тажриба ва хулосалар асосида йил сўнгида таҳлил ўтказилиб, республикада ана шундай агрометеорологик станциялардан фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Ирода ТОШМАТОВА
Манба: «Янги Ўзбекистон»