Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ашхободда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллик санаси кенг нишонланди
2021-02-09 | Маданият
Туркманистон пойтахтида буюк ўзбек шоири Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирлар бўлиб ўтди, деб хабар берди «Дунё» АА мухбири.
Таъкидлаш керакки, Туркманистонда ўзбек мумтоз адабиёти вакилларига катта ҳурмат билан қарашади. Туркманистон Президентининг қароргоҳи — «Ўғузхон» сарой мажмуасига олиб борадиган Ашхободнинг марказий кўчаларидан бирига Алишер Навоий номи берилган. Ушбу кўчада жойлашган «Илҳом» марказий хиёбонида шоирга атаб ёдгорлик ўрнатилган.
Шанба куни эрта тонгда ушбу ёдгорликка гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчихонаси ходимлари, БМТнинг минтақавий тузилмалари, бошқа халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарида меҳнат қиладиган ватандошларимиз иштирок этди.
Дипломатларимизнинг фарзандлари бутун дунёда эзгулик, дўстлик ва тинчликни тарғиб қилган буюк шоир қаламига мансуб тўртликларни ўқиб берди.
Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларнинг асосий қисми Довлетмаммет Азади номидаги Туркманистон Миллий жаҳон тиллари институтида бўлиб ўтди. Университетнинг мажлислар залида муҳим санага бағишланган брифинг ва адабий кеча ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоийнинг бебаҳо меросининг ўзбек ва туркий халқларнинг ёзма нутқи ва адабиёти ривожидаги ўрни ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Институтнинг туркман тили кафедраси мудири Ойгул Қурбонова Алишер Навоий шахси, унинг маънавий, фалсафий ва маданий мероси Гомер, Данте, Рудакий, Низомий, Фирдавсий, Шекспир, Балзак билан бир қаторда туришини таъкидлади.
Буюк шоир ва мутафаккирнинг тинчлик, саховат, фидоийлик, инсонпарварлик ва илм-фан ҳомийси каби эзгу фазилатлари туркман халқи орасида катта ҳурматга сазовор бўлган. Алишер Навоий шарафига атаб «Гулфҳем» ва «Мирали ва Султон Суюн» («Алишер Навоий ва Султон Ҳусайн Бойқаро») достонлари яратилган.
Алишер Навоийнинг ижодий мероси туркман халқи маданияти ва санъатининг ривожланишига ҳам катта таъсир кўрсатдган. Молланепес, Нумуҳаммед Андалиб, Кемине, Маҳтумқули каби таниқли туркман шоир ва ёзувчилари Навоийни ўз устози ва илҳом манбаи деб ҳисоблаган.
Маҳтумқули ҳақидаги ҳикоялардан бирида айтилишича, бир вақтлар буюк туркман шоири Хивадаги «Шерғозихон» мадрасасида таҳсил олаётган вақтида шеърлар танловида қатнашган ва ғолиб бўлган. Ҳикояга кўра, Маҳтумқулига: «Сиз Алишер Навоийга катта ҳурмат билан қарайсиз. Агар у тирик бўлганида ва Хивага келганида, нима қилган бўлар эдингиз?» маънода савол беришади. Махтумқули бунга жавобан: «Агар менинг устозим Алишер Навоий тирик бўлганида, мен унинг отининг жиловини ушлаб турганимдан хурсанд бўлар эдим, агар мен шоирнинг қўлларига сув қуйиб, унга сочиқни бериш ҳуқуқига лойиқ бўлсам, ўзимни жаннатдагидек ҳис қилардим», деб жавоб берган.
Алишер Навоий юбилейига бағишланган тантанали тадбирларнинг ўзига хос якуни Довлетмаммет Азадий номидаги Туркманистон Миллий жаҳон тиллари институти талабалари томонидан ўзбек мумтоз адабиётига оид ғазаллардан парчалар ўқиш бўлди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги