Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саудия Арабистонининг “АCWА Power” компанияси Ўзбекистонда инвестициявий иштирокини кенгайтирмоқда
2021-02-08 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 7 февраль куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Саудия Арабистонининг “АCWА Power” компанияси Директорлар кенгаши раиси, Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Муҳаммад Абунайян билан жорий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган музокаралари бўлиб ўтди.
Сирдарё иссиқлик электр станцияси негизида қиймати 1,2 млрд доллар ва қуввати 1500 МВт бўлган комбинациялашган циклли иссиқлик электр станцияси қурилишининг бориши кўриб чиқилди. Хусусан, станцияни барпо этишни жадаллаштириш имкониятлари ва бу йўналишда икки томонлама ҳамкорлик қилиш механизмлари муҳокама этилди. Саудия Арабистони томони компания 2023 йилнинг охиригача лойиҳани бунёд этиш ва ишга тушириш ишларини якунлашни режалаштираётганини маълум қилди.
Шунингдек, мулоқот чоғида Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қиймати 1,3 млрд доллар ва умумий қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол электр станциясини қуриш бўйича лойиҳалаш ишларини жадаллаштириш вазифалари белгилаб олинди. Ушбу объектларнинг ишга туширилиши йилига 15,6 млрд кВт*соат миқдорида қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди ва станциялар қурилиши давомида 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни, улардан фойдаланиш вақтида эса 300 янги иш ўрни яратилиши қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда янги қуёш ва шамол электр станцияларини қуришни назарда тутган ҳолда муқобил энергетика соҳасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича салоҳиятли йўналишлар бўйича конструктив фикр алмашилди. “АCWА Power” раҳбарияти янги кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистонда инвестициявий иштирокини кенгайтириш ниятида эканини таъкидлади.
Саудия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида жорий йилнинг январь ойида ташкил этилган Ўзбекистон-Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши платформасидан фойдаланиб, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, давлат банклари ва активларини хусусийлаштиришда иштирок этиш орқали йирик Саудия Арабистони компаниялари орасидан янги инвесторларни жалб этиш бўйича яқин ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
Музокаралар якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва янги битим ва ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича кейинги тадбирлар белгиланди.
Маълумот учун: “ACWA Power” электр ва чучуклантирилган сув ишлаб чиқариш учун ускуналар портфелининг ишлаб чиқарувчиси, биргаликда эгалик қилувчиси ва операторидир. Ушбу ускуналар кунига қиймати 61,2 млрд долларни ташкил этувчи 38,7 ГВт электр энергияси ва 5,8 млн куб метр чучуклантирилган сув ишлаб чиқаради. Компания тахминан 3500 кишини иш билан таъминлайди ва ўзининг халқаро майдондаги фаолиятини Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги 12 мамлакатда амалга оширади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги