Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва ИТБ ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2021-02-08 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Бандар Ҳажар билан қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ҳамда яқин келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ қатор масалаларни муҳокама қилди.
Мулоқот чоғида ИТБ раҳбарияти Ўзбекистонда Давлат раҳбари бошчилигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва иқтисодий фаолликни бир маромда сақлаш борасида ўз вақтида кўрилаётган ва халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини таъкидлади.
Амалга оширилаётган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилишини кўриб чиқиб, томонлар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ижтимоий аҳамиятга молик янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш орқали ИТБнинг Ўзбекистондаги инвестиция портфелини кенгайтириш шарт-шароитларини муҳокама қилдилар.
Кун тартиби доирасида жорий йилда Ўзбекистонда ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг 46чи йиллик йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ амалий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Томонлар учрашувга тайёргарлик кўриш ҳамда аниқ тадбирлар, муддатлар ва масъул ижрочилари белгиланган алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича биргаликда ишни бошлаш мақсадида тегишли ишчи гуруҳларини шакллантиришни тезлаштиришга келишиб олдилар.
Шу ўринда Банк раҳбарияти шу йилнинг июнь ойида халқаро медиа ва оммавий ахборот воситаларида бўлажак учрашувни кенг ёритишга бағишланган “роуд-шоу” ўтказиш учун ИТБ Президентининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқаётгани маълум қилинди.
Тадбирда Банкка аъзо 57 мамлакат, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг 3 мингга яқин вакили иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур ташаббус Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, ИТБ Гуруҳи билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва инвестиция портфелини оширишга имкон бериши таъкидланди.
Музокаралар чоғида “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. ИТБ Президенти мазкур лойиҳа Банкнинг минтақа мамлакатлари иқтисодиётининг ўзаро боғлиқлигини ошириш, бозорларни интеграциялаш ҳамда транспорт-логистика тизимларини кенгайтириш ва модернизация қилиш орқали юк ташиш харажатларини камайтиришга қаратилган минтақавий ҳамкорлик соҳасидаги сиёсатига мос келишини тасдиқлади. Унинг муваффақиятли амалга оширилиши Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларнинг барқарор иқтисодий ривожланишида, аҳоли ҳаётини яхшилашда ва иштирокчи мамлакатларда камбағалликни қисқартиришнинг муҳим омили бўлиши таъкидланди.
Музокара якунида ИТБнинг шўъба корхоналари – Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ва Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси ресурсларини сафарбар этиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, томонлар эпидемиологик вазият барқарорлашгани билан Ўзбекистонда ИТБ минтақавий ваколатхонасини очиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги