Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Навоийда аҳоли муаммоларини тингламоқда
2021-02-06 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Рахмат Маматов Навоий вилоятида бўлиб, аҳоли муаммолари билан яқиндан танишди.
Вазир бошчилигидаги мутасаддилар жойларда бўлиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганди ва уларга амалий ечим излади.
Навбаҳор туманининг чекка ҳудудларидан ҳисобланган “Учтут”, “Меҳнат” маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида 37-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернати ўйингоҳида учрашув ўтказилди.
Унда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири Рахмат Маматов, вилоят Маҳалла ва оилани кўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Азамат Ўроқов, туман ҳокими Лочин Облақулов ва тумандаги ташкилот, корхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммоларнинг аксарияти жойида бартараф этилди. Жумладан, аҳоли хонадонларига 106 дона газ тўлдирилган маиший газ баллон тарқатилган бўлса, 600 метр узунликдаги 2та ички хўжалик йўлларида қум-шағал аралашмаси ёрдамида таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Бундан ташқари, битта ички хўжалик йўли бўйлаб ўрнатилган 400 метр масофадаги электр узатиш тармоғи кабеллари тартибга келтирилди, 1 дона трансформатор жорий таъмирланди. Ушбу ҳудуддаги тоза ичимлик суви қувурларидаги носозликлар тўлиқ бартараф этилди. Ободонлаштириш бўлими ходимлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли хонадонлари тартибга келтирилди. Ушбу маҳаллалардаги йирик ва майда шохли молларни касалликларга қарши эмлаш тадбирлари ташкил этилди.
Аҳоли хонадонларидаги 41та носоз газ ускунасидаги камчиликлар бартараф этилди. Туман ИИБ ходимлари томонидан ушбу маҳаллардаги нотинч, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила муаммолари ўрганилди.
Вазир вилоятнинг олис туманларидан бири Учқудуқ туманига ҳам ташриф буюриб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар билан қизиқди.
Туман марказидан 60 км. узоқда жойлашган “Олтин тов” ОФЙ Қулқудуқ овулида бўлган вазир бошчилигидаги мутасаддилар аҳоли билан суҳбат ўтказди. Суҳбат сўнгида фуқаролар йиғинига телевизор ва касаначи-тикувчи Калманбетова Гулбануга тикув машинкаси совға қилинди. Шунингдек, 1- ва 12-умумий ўрта таълим мактабларида ўқитувчилар билан суҳбатлашиш жараёнида мактабларнинг моддий техника базаси ва ҳудудда китобхонликни тарғиб қилиш ишлари таҳлил қилинди. Учрашувлар чоғида ўқувчилар учун қозоқ тилидаги бадиий адабиётлар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш чоралари белгиланди.
Вазир Р.Маматов Қизилтепа туманининг “Гулбоғ” ва “Айрончи” МФЙларни обод манзилга айлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан танишиди.
Ташриф давомида жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари ва 5 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар вакилига озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев
Манба: ЎзА