Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент ташриф буюрган “Шодиёна” маҳалласидаги мавжуд муаммолар ўрганилди
2021-02-06 | Жамият
Маълумки, жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи давомида Фарғона шаҳридаги “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан суҳбат ўтказган эди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова бугун ушбу маҳаллада бўлиб, Республика ишчи гуруҳи томонидан мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида амалга ошириладиган ишларни атрофлича ўрганди.
Жумладан, ўрганиш давомида маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриш, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш, ушбу дафтарга киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган масалаларни тизимли равишда ҳал этиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аёллар, фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудуддаги масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг вазирнинг биринчи ўринбосари Г.Маруфова раҳбарлигида Фарғона шаҳридаги 70 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари иштирокида семинар ўтказилди.
Дастлаб семинарда Муҳтарам Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида кўтарилган муҳим масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”нинг бугунги ҳолати, унга киритилган 9 тоифадаги хотин-қизлар ва улар билан амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Қолаверса, йиғилганларга ҳозирги кунда аёллар бандлигини таъминлаш бўйича 4 та йўналиш – ишсиз хотин-қизларни Бандликка кўмаклашиш марказлари орқали мавжуд бўш иш ўринлари ёки квота ўринларга ишга жойлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик йўналишида фаолият юритиш истагида бўлган аёлларга кредит олишда кўмаклашиш бўйича керакли тушунчалар берилди.
Семинар давомида ҳудуддаги “1-Беш бола”, “Шодиёна”, “А.Жомий” маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси ўринбосарларининг иш фаолияти билан танишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги