Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистонга ташрифига доир
2021-02-05 | Технологиялар
Жорий йилнинг 5 февраль куни Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда “Digital Almaty” анъанавий халқаро рақамли форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ташкилотда кузатувчи мақоми берилган. Шу муносабат билан Бош вазир А.Арипов бошчилигидаги делегация ушбу тадбирларда иштирок этди.
Қозоғистон раислигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳукуматлараро кенгаши мажлисида Aрманистон, Белорусь, Қирғизистон, Россия ҳукуматлари раҳбарлари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси иштирок этди. Молдова ва Куба ҳам кузатувчи давлатлар қаторида қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ йиғилишда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ички бозор фаолиятига тўсқинлик қиладиган воситаларни олиб ташлаш, шунингдек иқтисодиётнинг айрим тармоқларида интеграцион салоҳиятни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
“Digital Almaty” форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яқин йилларда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларидаги корхоналарда бошқарув, ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларини автоматлаштириш бўйича 280 дан ортиқ ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар жорий этишни назарда тутувчи "Рақамли Ўзбекистон" стратегияси қабул қилингани ва ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Ташриф доирасида, Россия Федерацияси ҳукумати раиси М.Мишустин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири А.Мамин, Қирғиз Республикаси Бош вазири У.Марипов, Беларусь Республикаси Бош вазири Р.Головченко билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг матбуот хизмати