Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича 2020 йилда бажарилган тадбирлар якуни ва 2021 йилдаги асосий вазифалар
2021-02-05 | Хавфсизлик соҳаси
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг (кейинги ўринларда ФВДТ) 2020 йилдаги асосий фаолияти фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида чора-тадбирларни самарали ташкил этиш, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, ФВДТ бошқарув органлари ҳамда куч-воситаларининг тайёргарлигини ошириш ҳамда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазиятни яхшилаш бўйича тадбирларга қаратилди.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тадбирлари самарадорлигини ошириш Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш; табиий офатлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш тартибини жорий этиш; кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимларини ташкил этиш юзасидан Ҳукуматнинг қарорлари тайёрланди ва қабул қилинди.
Гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда жойлашган 117 та хўжаликдан 9 тасидоимий, 89 таси вақтинчалик хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Қирғоқ мустаҳкамлаш орқали муҳофаза қилиниши лозим бўлган 460 та хўжалик ҳамда 366 та хўжалик сел, тошқин сувларидан муҳофаза қилиниб, хавф бартараф этилган ва 159 та махсус тактик-ўқув машқлари давомида 88 976 м3 тупроқ, 44 896 м3 қум-шағал, 2 290,6 м3 бетон ишлари бажарилиб, 70 259 п.м. ўзан тозалаш ишлари амалга оширилган.
Куз-қиш мавсумида А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль ва “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўлларининг “Қамчиқ” довони қисмида хавфли экзоген геологик жараёнлар ва гидрометеорологик ҳодисаларнинг олдини олиш ҳажмда тупроқ ва шағал ишлари, темир йўл масофаси бўйлаб
410 метр масофада кювет тозалаш ишлари, йўлнинг 7 км.лик участкасида 98 805 м3 ҳажмда тупроқ ишлари бажарилиб, 117-км қисмида 48 дона габион сеткалар ўрнатилган.
Туман (шаҳар) миқёсида ўтказилган 31 та қўмондонлик штаб-ўқув машқлари ҳамда корхона ва ташкилотлардаги 268 та махсус-тактик ўқув машқлари давомида ФВДТ хизматлари, аҳоли, корхона ҳамда ташкилотларда 120 350 нафар фуқаролар билан тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Ҳаёт фаолиятини таъминловчи муҳим объектларда ташкил этилган 150 та кўнгилли қутқарув тузилмалари билан фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва ёнғинларни ўчириш бўйича 8 та амалий-тактик ўқув машқлари ва 5 та машғулотлар ўтказилган.
Республикадаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазият сабабли касаллик тарқалишига қарши кураш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 240 дан ортиқ “карантин объект”и, 550 дан ортиқ савдо мажмуалари, 700 га яқин бозорларнинг фаолияти назоратга олиниб, 390 га яқин республика ва ҳудудий блок-постларда фуқаролар ҳамда автотранспорт воситаларини зарарсизлантириш тадбирлари олиб борилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 28 апрель куни Бухоро вилоятидаги ёғингарчилик ва кучли шамол эсиши оқибатида Олот, Қоракўл ва Жондор туманларида кузатилган табиий офат ҳамда 1 май куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Сардоба” сув омборида юзага келган техноген фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ва тиклаш ишлари бажарилган.
Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши ва ёнғинларнинг олдини олиш учун жойларда 60 113 та рейдлар ўтказилган. Олиб борилган тадбирлар давомида жами 8 695 марта уй-жой мулкдорлар ширкатлари ва 39 237 марта маҳаллаларнинг ҳудудлари ўрганиб чиқилди. Мазкур ҳудудлардаги кўп қаватли уйларда жами 81 027 марта ва улардаги 1 224 465 та хонадонлар ҳамда 5 475 049 та аҳоли турар жойлари ва 28 303 та далаҳовлилар ўрганилган, мавжуд 38 885 та ижтимоий соҳа объектларидан 37 416 тасида назорат тартибида текширувлар ўтказилиб, аниқланган камчиликлардан 360 461 таси бартараф этилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази томонидан Марказий Осиёда рўй берган 1004 та кучли ва сезиларли зилзилалар, 26 та нуқтадаги ер ости сувларининг намуналари текширилиб, таҳлил қилинган.
Оролбўйи ҳудудида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда 2018-2020 йиллар давомида жами 1,2 млн. гектар ўрмон-мелиорация ишлари амалга оширилган. Бунда 1,125 минг гектар майдонда қум йиғувчи ариқлар ташкил этилиб, Орол денгизининг суви қуриган тубида жами 2 млн. гектар майдонда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган. Оролбўйи ҳудудидаги Қораўзак, Тахтакўпир, Бўзатов ва Мўйноқ туманларида жойлашган 13 та овул фуқаролар йиғинларида 32 та нуқтада 15-500 метр чуқурликда қудуқларни бурғулаш ишлари натижасида Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган 9 та ҳамда маҳаллий аҳоли учун 87 та артезиан қудуқлари қазилиб, топширилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Муҳандислик-қурилиш махсус бошқармаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг аҳолисига қулай шарт-шароитларни яратиш, муҳандислик-қурилиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида 2020 йилда Мўйноқ тумани “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида 8 та кўп қаватли уйлар янгидан қурилиб, улардан 5 таси фойдаланишга топширилди ва Мўйноқ тумани Судочье кўли аккум дамбасининг 9 км узунликдаги қирғоғи мустаҳкамланиб, Судочье кўли сув узатиш иншоотининг 7 км қисми тўлиқ реконструкция қилинган.
Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 39 050 та корхона, ташкилот ва муассасаларда текширишлар, 7 387 та тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилиб, Давлат ёнғин назоратининг 754 061 банддан иборат ёзма кўрсатмалари асосида 631 657 та (83,8 %) камчилик бартараф этилган.
Шунингдек, 3 818 463 та якка тартибдаги уй-жойлар, 42 756 та кўп қаватли уйлардаги 928 111 та хонадонларнинг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилиб, 110 774 та ностандарт электр, газ, иситиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланган.
2020 йилда республикада содир бўлган ёнғинлар сони 11 083 тани ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига (639 та) нисбатан 5,5 %га, ёнғинларда одамларнинг куйиш тан жароҳати олиш ҳолатлари 259 нафарни ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига (29 нафар) нисбатан 10,1 %га камайган бўлсада, одамларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари 124 нафарни ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига (13 нафар) нисбатан 11,6 %га ошган.
2020 йилда республика ҳудудида 133 та фавқулодда вазият содир бўлиб, (80 та техноген, 53 та табиий) 2019 йилнинг шу даврига нисбатан (157 та, 104 та техноген, 53 та табиий) 15,3 %га камайган. Ушбу фавқулодда вазиятлар оқибатида 276 нафар одам вафот этган (2019 йилда 292 киши – 5,5 %га камайган) ва 232 нафар одам жарохатланган (2019 йилда 529 киши –56,1%га камайган).
Қайд этилган фавқулодда вазиятларнинг асосий қисмини йўл-транспорт ҳодисалари (27,8%), аҳоли уй-жойларида газ (портлаши) чақнаши (9%), ижтимоий-маиший ҳамда турар-жой, бино ва иншоотларидаги ёнғинлар (11,3%), аҳолининг табиий ва ис газидан заҳарланиши (22%), аҳолининг токсик моддалардан захарланиш (6,8%) ташкил этган.
2021 йилда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни ўз вақтида ва самарали олиб борилишини ташкил этиш мақсадида ФВДТнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
ФВДТни фавқулодда вазият (нохуш ҳодиса)ларга олиб келиши мумкин бўлган таҳдидлар ва хавфларни олдиндан аниқлаган ҳолда бартараф этувчи, аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва комплекс ёрдам кўрсатувчи мобил, замонавий ва профессионал тизим сифатида янада такомиллаштириш;
аҳоли, энг аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож (болалар, аёллар
ва имконияти чекланганлар) аҳоли қатламлари билан мулоқотни кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси ФВВ тузилмасини такомиллаштириш, аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигига таҳдидлар, табиий, техноген ва экологик хусусиятли хавфлар манбаларини ҳисобга олган ҳолда, туманлар ва шаҳарлар миқиёсида куч ва воситаларни самарали тақсимлаш, аҳоли ҳаёти
ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатувчи турли хизматларнинг тезкор ҳаракатини мувофиқлаштирувчи механизмлар фаолиятини ташкил этиш;
фавқулодда вазият (нохуш ҳодиса)лар содир бўлиши хавфини барвақт аниқлаш мақсадида мониторинг, таҳлил ва прогнозлаш тизимини такомиллаштириш, республика ҳудудларини сейсмик хавфлар, техноген авария ва ҳалокатлар манбалари бўйича таснифлаш;
аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга масъул раҳбарлар ва мансабдор шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фуқароларни фавқулодда вазиятлар содир бўлганда ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича ишларни кучайтириш;
ФВДТ ва ФВВ учун мутахассис кадрларни тайёрлаш бўйича яхлит тизимни яратиш тадбирларини давом эттириш;
Ўзбекистон Республикасида гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатиш ва сейсмомониторинг хизматларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, ўқув ва илмий-техник базасини такомиллаштириш, мутахассислар ва қутқарувчиларнинг самарали ишлаши учун етарли шароитлар яратиш;
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ташкил қилиш ва амалга оширишнинг барча босқичларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш;
аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазият (ёнғин)лардан муҳофаза қилиш бўйича давлат экспертизаси, назорати, текширувини амалга ошириш;
таълим муассасалари учун “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” бўйича давлат таълим стандартлари ва ўқув дастур (мавзу)ларини такомиллаштириш ҳамда амалда татбиқ этиш;
аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазият(ёнғин)лардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси соҳасида ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишни давом эттириш.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги