Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида МАЪЛУМОТ
2021-02-03 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунига, Ўзбекистон Республикасининг “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги ПҚ-3913-сон “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатини муҳофаза қилиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сон “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги низом тасдиқланган.
Бугунги кунда Республика бўйича инспекторлар сони 344 кишини ташкил этиб, шундан 15 нафари Инспекция бошлиғи, 30 нафари Инспекция бошлиғи ўринбосарлари, 7 нафар Марказий аппарат инспектори, 92 нафари ҳудудларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспекторлари ва 200 нафари туман (шаҳар) ҳуқуқ инспекторлари. Бундан ташқари туман (шаҳар) ҳуқуқ инспекторларига қўшимча 200 нафар ёрдамчи инспекторлар бириктирилган.
Инспекция ходимларини моддий-техник таъминлаш ва рағбатлантириш харажатлар сметаларида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, Меҳнатни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ва Моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Инспекция томонидан Республика бўйича қамраб олинадиган корхона ва ташкилотлар сони 578 мингтани ташкил этиб, унда банд бўлганлар сони 13 117,5 кишини ташкил этади. Шундан, банд бўлганлар сони саноатда 1 664,7 минг кишини, савдода 1 363,6 минг кишини ва қишлоқ хўжалигида 3 508,7 минг кишини ташкил этади.
Инспекцияга 2020 йил давомида 26 788 та жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган. Шундан, натижасига кўра 15 389 таси қаноатлантирилган, 10 488 тасига тушунтириш берилган, 638 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган ҳамда 273 таси кўрилмасдан қолдирилган.
Мурожаатларни хусусиятлари бўйича 9 472 таси ойлик иш ҳақлари ва бошқа тўловлар тўланмаслиги, 2 763 таси ноқонуний ишдан бўшатилиши, 834 таси ишга қабул қилишда қонун бузилиши, 1 076 таси ишга қабул қилишда рад этилиши, 574 таси норасмий ишлатилиши, 883 таси иш вақти ва дам олиш вақти бўйича қонун бузилиши, 76 таси мажбурий меҳнат, 41 таси меҳнат шароитлари яратилмаганлиги ва 11 069 таси бошқаларни ташкил этади.
Инспекция томонидан меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 2020 йил давомида 19 226 та корхонада 40 081 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган, ушбу қонун бузилишларни бартараф этиш бўйича 10 764 та ёзма кўрсатмалар ва 195 та тақдимномалар киритилди, 6 578 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 11 064,3 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Хисобот даврида 1 141 нафар фуқароларни жами 3 590,2 млн. сўмдан ортиқ миқдордаги иш ҳақларини ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилиб, ундириб берилди.
Аниқланган қонунбузилишлардан 11 621 таси меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, 2 915 таси меҳнат шартнома тузмасдан, норасмий равишда ходимлар меҳнатидан фойдаланган, 4 301 таси иш ҳақини белгиланган муддатларда тўлаб бермаслик, 1 078 та меҳнат дафтарчаларини юритиш тартибини бузиш, 1 517 та ноқонуний ишдан бўшатиш, 685 та касаба уюшмалари аъзолари ҳуқуқларини бузилиш ва жамоа шартномалари талабларини бажармаслик ҳолатлари, 376 та ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартибини бузилиши, 162 та аёллар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар қўлланилмаслик, 62 та мажбурий меҳнат ҳолатлари, 177 та ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус иш ўринларини банд қилмаслик ва бошқа меҳнат ҳуқуқларини бузилиши, 281 та ҳолатда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси қилинмаган ҳолатлар ҳамда бошқа турдаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Қонунбузилишлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда 4 731 та ҳолатда халқ таълими тизимидаги ташкилот ва умумтаълим мактаблари мансабдор шахслари томонидан ўқитувчи ва бошқа ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари бузилган, 6 600 та ҳолатда тиббиёт муассасаларида, 1 397 та ҳолатда қурилиш соҳасида, 986 та ҳолатда қишлоқ хўжалигида, 667 та ҳолатда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, 1 094 та ҳолатда саноат корхоналарида, 509 та ҳолатда транспорт соҳасида ва 90 та ҳолатда савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида мансабдор шахслар томонидан ходимларнинг ҳуқуқлари бузилган.
Шу жумладан, Республика ҳудудида короновирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, саноат, инфратузилма, транспорт ва логистика субъектларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш борасида қурилиш объектлари ва ишлаб чиқариш корхоналарида ишловчи ишчи ва ходимларга карантин ҳудудида яшаши учун меҳнат шароитлари яратилганлиги ҳамда карантин талабларига риоя этилиши аҳволини ҳамкорликда ўрганиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 29 апрелдаги 11-2020/Б ва 69-сонли қўшма буйруғи Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган ҳолда қабул қилиниб, давлат меҳнат инспекцияси, Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва касаба уюшмалари инспекцияси инспекторлари томонидан карантин даврида фаолиятини олиб бораётган 5757 та шу жумладан 2626 та қурилиш объектлари ва 3131 та ишлаб чиқариш корхоналарида ишловчи ишчи ва ходимларни меҳнат шароитлари ҳамда карантин талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ташкил этилди.
Ўрганиш жараёнида қурилиш объектларидан 126 тасида ишчилар учун ажратилган ётоқхона ва вагонлар санитария талабларига жавоб бермаслиги, 35 тасида ишчилар иссиқ овқат билан таъминланмаганлиги, 762 тасида ишчилар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланмаганлиги, 269 тасида ишчилар карантин талаблари бўйича ниқоб ва антисептик воситалар билан таъминланмаганлиги ва 164 та объект карантинга олинмаганлиги аниқланди.
Ишлаб чиқариш корхоналаридан 46 тасида ишчилар учун ажратилган ётоқхоналари ва вагонлар санитария талабларига жавоб бермаслиги, 38 тасида ишчилар иссиқ овқат билан таъминланмаганлиги, 389 тасида ишчилар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланмаганлиги, 214 тасида ишчилар ниқоб ва антисептик воситалари билан таъминланмаганлиги ва 170 та объект карантинга олинмаганлиги аниқланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этишда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари 2020 йил давомида 3 048 та фермер хўжаликларида ходимларни меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга меҳнат шароитлари яратилганлиги ҳолатларини ўрганиш ишлар олиб борилди.
Мазкур ўрганишлар давомида 96 минг нафардан ортиқ теримчилар ва ишчи-ходимлар билан суҳбатлар ўтказилиб, меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилиши ҳолатлари таҳлил қилинди.
Натижада, Инспекция томонидан иш ҳақларини ўз вақтида бермаганлиги, зарур меҳнат шароитларини яратмаганлиги ҳамда тегишли тартибда меҳнат шартномаси тузмаганлиги учун 174 нафар мансабдор шахсларга жами 745 млн. 712 минг сўм миқдорда маъмурий жарима қўлланилди ва 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.
Республикада 2019 йил давомида ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда махсус текширилган бахтсиз ҳодисалар сони 500 тани ташкил этган бўлса, 2020 йил давомида Республикада ушбу кўрсатгич 107 тага кўпайиб 607 тани ташкил этди.
2020 йил давомида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 693 нафар ходимлар жабрланган, шундан 201 нафар ходимлар ҳалок бўлган, 457 нафари оғир ва 35 нафари енгил тан жароҳати олган.
Тармоқлар кесимида таҳлил этилганда:
саноатда 101 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган, унинг оқибатида 23 нафар ходим вафот этган ва 80 нафари эса оғир тан жароҳати олган;
қурилишда 82 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган, унинг оқибатида 31 нафар ходим вафот этган ва 51 нафари эса оғир тан жароҳати олган;
қишлоқ ҳўжалигида 18 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган, унинг оқибатида 12 нафар ходим вафот этган ва 15 нафари эса оғир тан жароҳати олган;
Ушбу бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш жараёнида 4 014 та аниқланган камчиликлар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган 566 та ёзма кўрсатмалар берилди ҳамда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 403 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 4 149 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди ва 63 та ҳолатда инспекторларнинг тегишли хулосалари асосида айбдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
Республика бўйича касб касаллиги ҳисобида турган беморлар сони 2019 йил 4 716 кишини ва 2020 йил эса 4 759 кишини ташкил этган. 2020 йил давомида касб касаллиги аниқланган 43 нафар беморнинг 40 нафари саноатга тўғри келган.
Фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, иш берувчиларга меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўлланилиши юзасидан жами 7 065 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шундан 1 371 та оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган, 4 040 та иш берувчилар билан жойларда семинарлар ўтказилди, 1 683 маротаба ишонч телефон орқали тушунтиришлар берилди.
Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг доимий тарзда фаолият олиб борувчи, ўзининг шахсини ошкор қилмасдан маълумот бериш имкони бўлган ижтимоий тармоқда dmi.mehnat.uz сайти, қисқа рақамли “1176” ишонч телефон ва @mehnathuquqbot тelegram тармоғи ташкил этилган бўлиб, ушбу тармоққа жами 6 135 та мурожаатлар ва хабарлар келиб тушди ва ҳозирги кунга қадар мурожаатлар келиб тушмоқда.
Изоҳ: Мазкур маълумот Халқаро меҳнат ташкилотининг 81-сон “Саноат ва савдодаги меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги ва 129-сон “Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги конвенциялари талабларига мувофиқ эълон қилинмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги