Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Покистон Бош вазири Ўзбекистон Президентига мактуб йўллади
2021-02-03 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Сизни ва биродар Ўзбекистон халқини чин дилдан қутлашга ижозат бергайсиз.
Покистон ва Ўзбекистонни маданият, дин ва анъаналар муштараклигига асосланган яқин муносабатлар боғлаб турибди. Бизнинг тарихий ва тамаддуний алоқаларимиз миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмидир. Халқимиз Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига чуқур эҳтиром билан қарайди.
Мамлакатларимиз тараққиёти ва равнақи учун биз икки томонлама савдо муносабатларини кенгайтиришимиз ва иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашимиз лозимлигига қатъий ишонаман. Минтақамиз улкан инсоний ва табиий ресурсларга эга. Барча соҳаларда минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш мақсадида иқтисодиётларимизнинг бир-бирини ўзаро тўлдириб туришидан самарали фойдаланишимиз лозим.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг 2020 йил сентябрь ойида Покистонга ташрифи чоғида Савдо-иқтисодий масалалар бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва яқин орада унинг биринчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилган эди.
Менинг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчимнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки томонлама савдо масалалари билан бир қаторда темир йўл коридорларини ривожлантириш, банк соҳасида, иқтисодий ва инвестициявий йўналишлардаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилишини мамнуният билан қайд этмоқчиман.
Ушбу ташриф умумий мақсадларга сари янада олға қадам ташлашимиз учун янги имкониятларни очади.
Мен икки томонлама муносабатларнинг бутун салоҳиятини ишга солишнинг қатъий тарафдориман.
Сизга Аллоҳ таолодан сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон халқига эса бардавом тараққиёт ва равнақ ато қилишини сўраб қоламан.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Имрон Хон,
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти