Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жаҳон банки билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

2021-02-02 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Л.Бурунчук бошчилигидаги Жаҳон банки делегацияси билан икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати, лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, 2020 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Банк кредит маблағларининг 1 млрд доллардан зиёд қисми ўзлаштирилганлиги таъкидланди. Бу, Жаҳон банки вакилларининг сўзларига кўра, минтақада энг яхши кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон томони пандемия шароитида Жаҳон банки COVID-19 тарқалишига қарши курашиш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш ва муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни тарғиб қилишда ўз вақтида ва самарали қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, айнан ушбу йўналишлардаги изчил ишлар натижасида пандемиянинг дунё иқтисодиётига салбий таъсирига қарамай, Ўзбекистон 2020 йилда иқтисодий ўсишга эришган кам сонли давлатлардан бирига айлангани эътироф этилди.

Шунингдек, учрашув давомида келгуси беш йилга мўлжалланган Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликнинг янги дастурини шакллантириш бўйича ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни ва режалаштирилган тадбирларни тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

“Мозори Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўл лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилишининг амалий жиҳатларини муҳокама қилишга бағишланган Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон Ҳукуматлари делегациялари иштирокида бўлиб ўтадиган юқори даражадаги уч томонлама музокараларга алоҳида эътибор қаратилди. Л.Бурунчук, ушбу лойиҳанинг Марказий Осиё мамлакатларининг динамик иқтисодий ўсишини таъминлаш, минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини тубдан юксалтириш нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятини таъкидлаб, Жаҳон банки раҳбарияти унинг муҳимлигини тўлиқ англаётгани ва Ўзбекистон Ҳукуматининг уни илгари суриш бўйича қатъий саъй-ҳаракатларини олқишлаётганини айтди.

Учрашув якунлари бўйича тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, инфратузилма ва ижтимоий соҳани замонавийлаштиришга алоҳида урғу берилиб, Ўзбекистонни барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться