Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Савдо-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон – Покистон Қўшма ишчи гуруҳининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди
2021-02-01 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 1 февраль куни Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида савдо-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон – Покистон Қўшма ишчи гуруҳининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди. Покистон томонига Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо, тўқимачилик саноати ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд, Ўзбекистон томонига эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлик қилди.
Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, илгари эришилган келишувларнинг амалга оширилиши, шунингдек, инвестиция, савдо, саноат кооперацияси, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида Ўзбекистон – Покистон шерикчилигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар инвестиция ва саноат соҳасида ҳамкорлик қилиш кўламини бир неча баробар ошириш учун муҳим жиҳатларни қайд этди. Шу ўринда, саноатнинг турли тармоқларида Ўзбекистон – Покистон ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини ошириш истиқболлари ҳамда Ўзбекистон ва Покистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни илгари суриш механизмлари муҳокама қилинди ва шу муносабат билан яқин келажакда Ўзбекистон – Покистон қўшма бизнес-форумини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Икки томонлама иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё минтақаси давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга бўлган "Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор" темир йўл лойиҳасини амалга оширишнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокама чоғида томонлар савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши ҳамда Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар Кенгашининг йиғилишини яқин вақт ичида ўтказишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Музокара якунида имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни ҳамда икки мамлакат стандартлаштириш ва сифат назорати органлари ўртасида мувофиқликни баҳолашни ўзаро тан олиш тўғрисидаги Битимни имзолашга тайёрлаш доирасида муҳокама қилиш жараёнини тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар, шунингдек, Ишчи гуруҳининг келгусидаги фаолияти бўйича икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида амалий ҳамкорликнинг аниқ механизмларини кўзда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги