Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар муаммолари ўрганилмоқда
2021-02-01 | Ёшлар
Жорий йилнинг 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан иккита муҳим йўналиш: ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш илгари сурилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси, 4 та сектор, Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари агентлиги, вазирлик ва ташкилотлар раӽбарлари томонидан «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтар»га рўйхатга олинган ёшлар билан жойларда учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Навбатдаги учрашув Бўзатов туманида ўтказилди.
Унда дастлаб, рўйхатга олинган ёшлар орасида тадбиркорликка қизиқувчи фуқароларга берилаётган имкониятлар, тумандаги янги иш ўринлари, Ёшлар «1+1» дастурининг аҳамияти, бизнес ғояни амалга ошириш ва ажратилаётган субсидияларнинг янги механизми бўйича интерфаол усулда семинар тренинг ташкил этилди. Шунингдек, кибер жиноятнинг олдини олишга оид видеоролик намойиш этилди.
Учрашувда ёшларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, улар томонидан фикр ва таклифлар билдирилмоқда. Жумладан, ёшлар томонидан бандлик, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредит олиш масалалари кўтарилди. Тадбир давомида бандлик масаласи бўйича мурожаат қилган 16 нафар ёш ишга жойлаштирилди.
– Бундай тадбирларнинг ташкил этилиши ёшлар муаммоларининг жойларда ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади, – дейди “Қушхонатоғ” овул фуқаролар йиғинидан Кунсулув Қутлимуратова. –Менинг мурожаатим ижобий ҳал этилиб, тумандаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига ишга қабул қилинадиган бўлдим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси матбуот хизматининг маълум қилишича, навбатдаги учрашув режа асосида 3 февраль куни Амударё туманида бўлиб ўтади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ
Манба: ЎзА